Устувор мақсад – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Рустам Холмуродов Самарқанд шаҳри сайловчилари билан учрашди.
Дастлаб номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берилди. Сўнгра сайловолди дастурининг асосий йўналишлари тўғрисида сўз юритилди.
– Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилаётган дастур узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган, жамиятда ўз ечимини кутаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш, бу борада амалга оширилаётган ишларни келгуси етти йилда изчил давом эттиришга қаратилган устувор мақсад ва йўналишлар, стратегик вазифалардан иборат, – деди Рустам Холмуродов. – Жумладан, сифатли билим, таълим ва тарбия — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори сифатида белгиланган йўналишда 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, қамровни 100 фоизга етказиш ва боғчаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифати тубдан яхшилаш, олий таълим ва илм-фан тизимларини илғор хорижий тажриба асосида тараққий эттириш белгиланган.
Тиббиёт соҳасида аҳоли ўртасида ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш кўрсаткичларини кескин камайтириш чораларини кўриш, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 6 миллиард АҚШ долларига етказиш ва аҳолини кафолатланган тиббий хизмат билан қамраб олиш даражасини янада кенгайтириш таклиф этилган.
Шунингдек, дастурда ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, тинчликсевар ташқи сиёсат юритиш каби мақсадлар бўйича амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Дастурнинг энг устувор йўналиши – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишдан иборатлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув қатнашчилари дастур юзасидан ўз фикрларини билдириб, барча 9 июль куни ўтказиладиган сайловда фаол иштирок этишга чақирдилар.