Уй-жой учун субсидия: Асосий ва муҳим жиҳатлар

Субсидия учун иш ҳақини аниқлашда агар иш ҳақи белгиланган мезонга етмаса фарзанднинг даромади қўшилиши мумкинми?
Агар ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари меъёрдан кам бўлса, унинг даромадлари ҳисоб-китобига турмуш қурмаган фарзандларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин.
Неччи балл тўплаш керак?
Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.
Ариза қайси ҳолатларда рад қилинади?
Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:
- тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
- тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
- илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
- жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
- ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан кам ва 8 бараваридан юқори.
Талабгорлар сони ошиб кетса...
Субсидия ажратиладиган талабгорлар сони Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ажратилган субсидия параметрларидан ошиб кетган тақдирда, календарь тартибга кўра ҳужжатларни биринчи бўлиб топширган ариза берувчи талабгор сифатида тан олинади. Яъни, ҳужжатни вақтлироқ топшириш ҳам муҳим роль ўйнайди.