Уй-жойни таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади
- Ушбу имтиёзли ипотека кредити кимларга ажратилади?
- Бу кредит маҳалла еттилиги тавсия асосида 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ажратилади. Кредит ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган даромад манбаига, шу жумладан, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан даромадга эга бўлган фуқароларга ажратилади. Даромадга эга бўлмаганларда бундай имконият йўқ.
Шунингдек, қарз юки кўрсаткичи барча кредитлар ва микроқарзлар бўйича ўртача ойлик тўловлари тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 60 фоизидан юқори бўлмаслиги ҳамда кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида сизнинг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлигингиз мавжуд бўлмаслиги лозим.
Асосийси, илгари бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланмаган бўлиши керак. Яна реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган якка тартибдаги уй-жой ёки якка тартибдаги уй-жой қуриладиган ep участкаси ўзига ёки у билан биргаликда яшовчи яқин қариндошларидан бирига тегишли эканлиги ва мазкур манзилда камида 6 ой давомида доимий рўйхатда турган бўлиш лозим.
- Ушбу ипотека кредитлари шартлари қандай ва қанча миқдорда субсидия ажратилади?
- Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун Марказий банкнинг асосий ставкаси (13,5 фоиз)дан тўрт фоиз бандга юқори (17,5 фоиз) ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатда ипотека кредитлари ажратилади.
Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
- Субсидия олиш учун қандай тартибда ариза юборилади?
- Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар subsidyplatform.mf.uz платформаси орқали ариза юборилади.
- Маҳалла еттилиги қайси ҳолларда тавсиянома беришни рад этиши мумкин?
- Маҳалла еттилиги томонидан қуйидаги ҳолатларда кредит ажратиш рад этилади:
- ариза берувчининг оиласи Дастурга киритилмаган бўлса;
- ариза берувчи уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож ҳисобланмаса;
- ариза берувчи шахс ёки унинг турмуш ўртоғи мазкур имтиёздан аввал фойдаланган бўлса;
- ариза берувчи шахс давлат томонидан аввал берилган ижтимоий ёрдам ва кўникмалардан мақсадсиз фойдаланганлиги тўғрисида тегишли ташкилотларнинг маълумотлари мавжуд бўлса;
- қурилиш, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши назарда тутилаётган уй-жой ёки у жойлашган ер участкасига нисбатан ашёвий ҳуқуқ низоли бўлганда.
Саволларга Марказий банк вилоят бош бошқармаси бош иқтисодчиси Азамат Қосимов жавоб берди.