Уйдан узоқлашмасдан 1 кунда 1 миллион сўм даромад

Кейинги пайтларда вилоятимизнинг турли ҳудудларида, тоғ ёнбағирларида дам олиш масканлари ташкил этилиб, улар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатяпти.

Нуробод туманининг Чўнқаймиш қишлоғида ҳам ана шундай масканлар сони йил сайин ортиб боряпти. Улардан бири меҳнат фахрийси Хушвақт Юсупов томонидан ташкил этилган.

- Қишлоғимизнинг табиати гўзал, - дейди отахон. – Аммо шу пайтгача бу ҳудудни туман ва вилоят маркази билан боғлайдиган йўллар талабга жавоб бермасди. 2022 йилда Чўнқаймишдан Самарқанд-Қарши йўли - катта трассагача бўлган 15 километрлик масофага асфальт ётқизилди. Қишлоқ аҳолиси ҳаёти фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, туризмни ривожлантириш мақсадида имкониятлар берила бошлади. Ўзим нафақага чиққан бўлсам-да, тоғ этагидаги 30 сотих ер майдонида дам олиш масканини барпо қилдим. Ўз маблағим ҳамда 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига мевали ва манзарали дарахт кўчатларини келтириб экдим. Соябонлар, сўрилар, бассейн ва душ ўрнатдим.

Ҳозирча бу ерда 9 та сўри мавжуд бўлиб, дам олувчилар кунига ҳар бирини ўртача 200 минг сўмдан ижарага олади. Бу бир кунда 2 миллион сўмга яқин маблағ келтиради, дегани.

- Мавсум пайтида уйдан узоқлашмасдан, оиламиз билан бир кунда ўртача 1 миллион сўм даромад топяпмиз, - дейди тадбиркор. – Бир пайтнинг ўзида 100 нафарга яқин сайёҳни қабул қилиш имкониятимиз бор. Баҳор пайтида меҳмонлар оқими кўп бўлади, аммо айни ёзнинг чилласида ҳам кам эмас. Бошқа ҳудудларда жазирама бўлса-да қишлоғимизда доим майин шабада эсиб туради. Ёзда меҳмонлар асосан кечки пайтда келишади. Тунаб қолишни истовчилар учун икки хонали меҳмон-уйимиз ҳам бор. Бу қишлоқнинг саратон пайтидаги оқшомларида ҳам қалинроқ кийинмасангиз совқотишингиз табиий.

Кўрдикки, ҳар қадамда чашмалар бўлиб, улардан қайнаб чиқаётган сув каттагина сойни ташкил этаркан.

- Бу сойни маҳаллий аҳоли “Терс” деб аташади, - дейди Хушвақт Юсупов. - Сабаби, сув пастликдан юқорига қараб оқаётгандек кўринади. Қишлоққа нафақат баҳор ва ёзда, балки йил бўйи, ҳатто қиш пайтида ҳам сайёҳлар келиб туради. Чунки ҳудуднинг қорли табиати ҳам ўзгача.

Бундай дам олиш масканлари барпо этилиши ҳудудларни яшил маконга айлантиришга ҳам хизмат қиляпти.

- Масканимиз ҳудудига 500 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқаздим, - дейди тадбиркор. - Войиш қилиш учун токлар ҳам экилган. Улар икки-уч йилда анча бўй чўзиб қолади. Кейин бу ерда ўрнатилган соябонларга ҳожат қолмайди.

Тадбиркор келгусида фаолиятини кенгайтириб, замонавий меҳмон-уйлари, болалар майдончалари, чўмилиш ҳавзаларини бунёд этишни режалаштирган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.