Уйи бузилган фуқаролар депутатдан ёрдам сўради

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Б.Насриев Самарқанд шаҳридаги Жуйи-чуқур маҳалласида сайловчилар билан учрашиб, бугунги пандемия пайтида уларнинг қандай ҳаёт кечираётгани билан танишди.
Аҳоли билан мулоқот чоғида маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Шу маҳаллада яшовчи М.Якубов эса новвойлик билан шуғулланиш учун кредит олишда депутатдан ёрдам сўради.
– Микрокредитбанк вилоят бўлими билан боғланиб, сайловчимга кредит ажратишда ёрдам сўрадим ва бу мурожаат ижобий ҳал этиладиган бўлди, – дейди Б.Насриев. – Маҳалладаги 14 та хонадон эгалари 2018 йилда уларнинг уйлари бузилиб, ўрнида “Фариддун Олам Нур” МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қурилаётгани ва бу иш суст кечаётгани, қурилиш корхонаси уй эгаларига вақтинча яшаб туришлари учун ижара тўлови ажратмаётганидан шикоят қилди. Ушбу мурожаат бўйича маҳаллада шаҳар ҳокимининг ўринбосари ва “Фариддун Олам Нур” МЧЖ раҳбарияти билан гаплашиб, масалани ижобий ҳал қилиш белгиланди.