Уйимизга меҳмон келди… (Ҳажвия)
Эркин Усмон
Якшанба куни саҳарлаб эшигимиз қўнғироғи жиринглади. Очдим. Қарасам, қишлоқдаги қариндошимиз Сотволди тоға хотини, ўғли, келини, неваралари билан остонада илжайиб турибди.
“Меҳмон отангдек улуғ”, деб қўйибдилар. Эр-хотин уларни ичкарига таклиф қилдик. Икки хонали уйимиз тўлди-қолди.
Кўриб хижолат бўлиб кетдим. Тоғанинг қўлида бир халта гуруч, ўғлининг елкасида ярим қоп сабзи-пиёз, неваралари қўлида беш-олти кило гўшт, ўнта патир, кампири бир халта туршак, шафтолиқоқи, келини торт кўтариб олибди.
— Э, нима қилардинглар шунча нарсани? — дедим уялинқираб.
— Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, — деди Сотволди тоға донолик билан. — Шаҳарга, шоир амакимизникига бориб, меҳмон бўлиб қайтамиз, дейишди. Телефонлашмай, ҳаддим сиғиб бошлаб келавердим. Беш-ўн кун театр-кино, парк-марк қилиб, ўйнаб-кулиб кетишади. Сен манави гўштни халадилнага, сабзи-пиёзни балконингга жойла. Эрта-индин Латофат, Шарофат, Арофатлар ҳам жиянларинг билан келиб қолишади!..
Шундай қилиб, икки хонали уйимизни Сотволди тоғанинг авлод-аждодлари, ҳали ўзим кўрмаган-танимаган жиянларимга қолдириб, эр-хотин ўғилчани етаклаб Бўстонлиққа, дала-ҳовлимизга кетдик.
Қулоғимиз тинчисин, деб қўл телефонимни ўчириб қўйдим. Эртасига ёқсам, SMS келган экан. Унда шундай ёзилганди:
“Шоир! Шаҳарда бир ўйнаб келайлик, дегандик. Уйингизни Сотволди тоғанинг бола-чақасига арендага қолдирибсиз. Биз ҳам эрта-индин уй ичимиз билан дала-ҳовлингизга етиб борамиз. Кутинг!
Салом билан божангиз Рихсихўжа”.