“Uzbekistan Airways” ва “O‘zbekiston temir yo‘llari” Наврўз байрами муносабати билан чегирмалар эълон қилди

Наврўз байрамини муносиб ўтказиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Uzbekistan Airways” ва  “O‘zbekiston temir yo‘llari” акциядорлик жамиятлари томонидан 2020 йилнинг 21 мартидан 23 мартига қадар барча ички рейсларга ҳамда “Афросиёб” тезюрар поездлари чипталарига чегирмалар эълон қилинди.

Шунингдек, белгиланган дам олиш кунларида Республика бўйлаб 346 та меҳмонхона, 77 транспорт ташкилоти, 104 та умумий овқатланиш жойлари ва ресторанларда ҳам чегирмалар жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 ноябрдаги “2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-5875-сонли Фармонига асосан халқимизга Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан 3 кун кетма-кет дам олиш имкониятлари яратилган.

Ушбу Фармон қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришга, оила даврасида кўпроқ вақт бирга бўлишларига ва юртимиз бўйлаб саёҳат қилишларига қўшимча шароит яратиб беради.