Узунлиги 100 метр бўлган дунёдаги энг кичик шаҳар
Бу кичик шаҳар Хорватияда жойлашган. Хум шаҳрининг узунлиги 100 метрга чўзилган ва унда 52 киши истиқомат қилади.
Манзилгоҳ тарихий манбаларда илк бор 1102 йилда тилга олинган. Ўша даврларда соқчилар шаҳарчаси сифатида ташкил этилган шаҳар Холм (тепалик) деб аталган.
Баъзи маълумотларга кўра, бу ерда дастлаб душман келишининг олдини олиш ва кузатиш мақсадида бир неча кишидан иборат соқчилар минораси пайдо бўлган. 1552 йилда шаҳарда қўриқчилар ва уларнинг оилалари учун кенг кўламли иншоот сифатида қўнғироқхона қурилган.
1802 йилда у ерда черков ҳам қуришга қарор қилинган. Ҳозирги вақтда шаҳар деворлар билан ўралган макондир. Унда бир нечта кўчалар мавжуд ва аҳоли сони йил вақтига қараб ўзгаради. 2011 йилда аҳолини рўйхатга олиш пайтида 30 киши ҳисобга олинган бўлса, 10 йилдан сўнг, мутахассислар Хумда 52 кишини ҳисобдан ўтказиб, шаҳардаги ижобий ўсиш ҳақида ишонч билан гапира бошлашди.