Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

В2 даражасини олиш учун нечта сўз билиш керак?

Одатда, қайси тил бўлишидан қатъий назар 400-450 та сўз билган одам ўз фикрини бошланғич даражада тушунтира олади. Лекин бу 450 та сўз таълим олишда, савдо ва бизнесда ёки фан ва техникада камлик қилади. Шунинг учун кўп талабалар ёки ўқувчилар сўз бойлигини ошириш мақсадида асосий вақтини сўз ёдлашга сарфлайди. Статистик маълумотларга кўра, тил ўрганувчилар бир йилда 1200 тадан 1500 тагача сўз ёдлар экан. Агар бу сўзларни гапда ёки ёзувда қўллай олса, ёдлаган луғат бойлиги фаол луғат бойлигига айланади. Мабодо бу сўзларни гапда ёки ёзувда қўллай олмаса, пассив, яъни фаолиятсиз бўлиб қолади ва тез орада эсидан чиқиб кетади. Ёдлаган сўзларимизни ўз хотирамизда қолдириш учун, шу сўзлардан фойдаланиб бир қанча гаплар тузишимиз керак ва уларни фаол луғат бойлигимизга айлантиришимиз шарт.

Мактаб дастурига назар соладиган бўлсак, ҳар бир синф даражасида фарзандларимиз инглиз тилидан ўқув йили давомида маълум миқдорда сўз ёдлаши керак. Агар ўқувчи шу сўзларни ҳар бир ўқув йилида ўзлаштира олса, фарзандларимиз мактабни тамомлагандан сўнг қийналмасдан олий таълим муассасасига ўқишга кирса бўлади. Бунинг учун CEFR имтиҳонидан В2 даражасини олиш керак. В2 даражаси учун инглиз тилида 2500 та фаол ва 5000 та пассив сўзларни ёддан билишлари шарт.

Дониёр АЗИЗҚУЛОВ,

Жомбой туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.