Четга мардикор эмас, мутахассис сифатида боринг

Тартибли миграция ҳуқуқларингизни кафолатлайди

БМТ маълумотига кўра, 2023 йил дунё бўйича муҳожирлар ўлими энг кўп кузатилган йил бўлган. Ташкилотнинг «Йўқолган муҳожирлар» лойиҳаси 8565 кишининг ўлимини қайд этган ва бу 2016 йилдаги кўрсаткичдан деярли ярим минг кишига кўп. Шундай қилиб, миграция масалалари, айниқса, кейинги йилларда жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган минтақавий ва маҳаллий низолар, ишсизлик, қашшоқлик каби муаммолар замирида янада аҳамиятли бўлиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу муаммо яқин 10 йил давомида кун тартибидан тушгани йўқ. Ўтган даврда ҳукуматимиз томонидан ташқи меҳнат миграциясини тартибга солишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентнинг 2020 йилдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шулар жумласидан. Аммо ҳамма ҳам бу имконият ва қулайликлардан хабардорми? Улардан ким ва қандай фойдаланяпти? Шу ва бошқа саволлар асосида маълумот тўплашга ҳаракат қилдик.

Англияга 324 нафар, Жанубий Кореяга 76...

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилоят филиалидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойида вилоятимиздан 4390 нафар фуқаро хорижда ташкилий тарзда ишга жойлаштирилган. Хусусан, Англияга 324 нафар, Россияга 156 нафар, Жанубий Кореяга 76 нафар, Германияга 32 нафар вилоятдошимиз кетган. Йил охиригача жами 21 минг нафар самарқандликни хорижга қонуний асосда ишга жўнатиш кўзда тутилган.

— Тартибли меҳнат миграцияси нафақат хавфсиз иш шароити, балки кафолатланган ижтимоий ҳимоя ҳам дегани, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали раҳбари Лазиз Ибрагимов. – Мисол учун, ўтган 4 ойда хорижда ишлаш истагини билдирган 2371 нафар самарқандлик касб ва тил курсларида ўқитилди. Ташкиллаштирилган тарзда четга ишлаш учун юборилган 488 нафар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш полислари харажатлари қоплаб берилди. 92 нафарига имтиёзли кредит ажратилиб, парвоз ва бошқа харажатлари қопланишига кўмаклашилди. Шунингдек, 574 нафар меҳнат мигрантининг оиласига моддий, ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди.

Умуман олганда, яқин йилларда мамлакатимизда меҳнат миграциясига бўлган муносабат тубдан ўзгарганлигини тан олишимиз керак. Илгари хорижда ишлаб, ҳуқуқлари поймол бўлган фуқароларимизнинг дарди ўзи билан қайтиб келарди. Бугун-чи? Бугун улар тегишли давлатлардаги консуллик ёки бошқа ҳуқуқий кўмак марказларига мурожаат қилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклаш имкониятига эга. Албатта, бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ундан ҳам муҳими, шу каби ноқулай вазиятларга тушиб қолмасликнинг биргина шарти бор, у ҳам бўлса, тартибли меҳнат миграциясидан фойдаланиш.

Мигрантларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллашмоқда

- Яқинда Президентимиз томонидан «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди, - дейди Лазиз Ибрагимов. - Унга мувофиқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат корхонаси давлат муассасасига айлантирилиб, унинг ҳудудий бошқармалари, 2024-2025 йилларда эса Буюк Британия, Германия, Туркия ва Саудия Арабистонида ваколатхоналарини ёки меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш марказларини очиш белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Польша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасаларида 1 та штат бирлигидан иборат меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий қилинмоқда. Бу, биринчи навбатда, қонуний меҳнат миграцияси имкониятлари ҳар бир хонадон ва фуқарога етиб боришини таъминласа, иккинчидан, четда бўлган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизми самарадорлигини оширади.

Фармон билан жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини (агар улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда) қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда компенсация тўланиши белгиланган. Бундан ташқари, улар хорижда «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача компенсация олиши мумкин.

Хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолганларга адвокат, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган ҳақ ҳам жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Call-markaz, мобил илова, иш берувчига субсидиялар...

Ҳужжатда яқин ва узоқ келажак учун мўлжаллаган яна қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, 2024 йилнинг 1 сентябрига қадар меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган Call-markaz фаолиятини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, унга чет элдан чиқувчи абонентлар учун қўнғироқлар бепул бўлади. 2025 йилнинг 1 июлигача эса меҳнат мигрантлари учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова яратилиши белгиланган.

Фармон билан шу йилнинг 1 июнидан меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ишга олинган шундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу тартиб 2026 йилнинг 1 январига қадар давом этади. Шунингдек, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг «Онлайн маҳалла» электрон платформасида «Реинтеграция» модули яратилади. Ҳар бир маҳаллада «маҳалла еттилиги» томонидан меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни хатловдан ўтказиш ва натижаларини «Реинтеграция» модулига киритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2024 йилнинг 1 июлига қадар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари негизида ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш амалиёти жорий қилинмоқда. 2025 йилдан эса мигрантларнинг оғир аҳволга тушиб қолган ёки шундай аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларини мунтазам равишда мониторинг қилиб, ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш бошланади.

Асқар Баротов.