Велойўлаклар керакми? Бу саволга жавоб топиш учун велосипед ҳайдаб кўриш керак
Шу ҳақда сўз юритган сафардаги ҳамкасбларимиз Самарқанд шаҳрида айрим пиёдалар йўлаклари юзсизларча эгаллаб олинаётганини билдирди.
Мисол учун, кўҳна кентдан Тожикистоннинг Сўғд вилоятига велотур уюштирган ижодкорлар "Самарқанд-сити"ни "Сиёб бозори" билан боғловчи бениҳоя чиройли кўча қурилганини эътироф этишди. Замонавий ечим, икки эмас тўрт томонлама қатновга мўлжалланган кўчада пиёдалар манфаатлари ҳам ҳисобга олинган. Аммо айрим "бойвучча"лар янги бозор яқинида йўлакни ҳовлисидан кўчага чиқувчи мулк сифатида тасарруф этмоқда. Уларнинг уйи яқинидан пиёда ёки велосипедда ўтиш учун автомобиль қатнов қисмига ўтишга тўғри келади.
Хурсанд қиладигани шуки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан велойўлаклар бугун туман марказларида ҳам барпо этиляпти. Ҳамкасбларимиз Тожикистонга сафар давомида Тойлоқ тумани марказида пиёдалар ва велосипедда юрувчилар учун яратилган қулайликларни эътироф этишди. Қатнов қисмидан 1 метрлик майсазор ажратиб турган йўлакда ўриндиқлар ва чиқинди ташлаш қутилари ҳам жойлаштирилган.
Афсусланарлиси, бу ерда ҳам айрим "тадбиркор"лар йўлакларни эгаллаб олаётгани кузатилади.
Аслида шу пайтгача бўлмаган бу қулайлик одамлар нафақат велоспорт ва пиёда юриш билан шуғулланишлари учун фойдали. Қолаверса, экологик тоза транспорт билан саёҳат, яъни велотуризм ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
(Суратларда Тойлоқ туманидаги велойўлаклар акс эттирилган)