Вернисаж: Рассом Шарқнинг буюк алломаларига суратларда “жон бағишлади”
Самарқанд халқаро технология университетида “Ўрта аср Шарқ оламининг буюк мутафаккир ва алломалари” мавзусида портретлар вернисажи бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Бадиий академияси аъзоси, моҳир мусаввир, театр рассоми ва дизайнер Баҳром Сафоев чизган буюк мутафаккир ва алломаларимиз портретлари намойиш этилди. Таниқли рассомлар, тарихчилар, тасвирий санъат соҳаси мутахассислари Б.Сафоев ижоди ҳақида сўз юритди.
Таъкидлаш ўринлики, мусаввир яратган асарлар унинг 30 йиллик меҳнати маҳсулидир.
- Ушбу расмларни чизиш учун турли йўналишдаги олимлар, устозлар, шоирлар, ёзувчилар ва мусаввирлар билан суҳбатлашиб, портрети яратилаётган ҳар бир тарихий шахснинг ҳаёти, уларнинг яшаган даври билан манбалар орқали танишишга ҳаракат қилдим, - дейди Баҳром Сафоев. – Шунингдек, ҳудудлар антропология ва археологийсига оид асарларни тадқиқ этиб, халқлар ва миллатлар, мамлакатлар ва қитъалар тарихи, географияси ва фольклорини чуқур таҳлил қилдим, қадимий қўлёзмалар ва китобларнинг асл нусхаларини ўқидим. Бундан ташқари, кўплаб суҳбатларда, ижодий баҳсларда турли касб эгаларининг фикрларини инобатга олдим ва баҳоли қудрат алломаларимиз сиймосини яратдим.
- Баҳром Сафоевнинг мусаввирлик ижоди алоҳида эътиборга лойиқ, - дейди Самарқанд халқаро технология университетида ректори Юсуф Абдуллаев. - Вернисажда тақдим этилган буюк аждодлар портрет композициялари навқирон авлодни аждодлар руҳига эҳтиром, ватанга муҳаббат - олий саодат деган ғоя асосида тарбиялаш, шунингдек, уларда халқимиз маданиятига бўлган муносабатни янада яхшилаш, буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби туйғуларни юсалтиришга хизмат қилади. Шу боис ҳам бу тадбир – вернисажни университетимизда ташкил этдик.
Кўргазмада университет ўқитувчилари – хорижлик профессорлар ҳам фаол иштирок этди. Улар рассом чизган улуғ олимлар суратларига шарҳ сифатида мухтасар фикр юритдилар. Жумладан, ҳиндистонлик профессор Муҳаммад Гоусе Галетий Мирзо Улуғбек фаолияти хусусида, университетнинг муҳандислик йўналишлари кординатори, бангладешлик Кҳалид Миаҳ Ал-Хоразмийнинг жаҳон илм-фанига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида, талабалар билан ишлаш бўлими декани, польшалик профессор Мажевиcз Дорота Селвиа шарқнинг буюк мутафаккири Алишер Навоий ижоди хусусида инглиз тилида гапирдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси А.Ҳайдаров уюшманинг 35 йиллик аъзоси, университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаевга уюшма аъзолигининг янгиланган гувоҳномаси ва кўкрак нишонини топширди.