Вилоят ҳокими Жом қишлоғидан сўнг Каттақўрғонда оммавий қабул ўтказмоқда
Дастлаб вилоят ҳокими томонидан Жом қишлоғидаги ногирон хотин-кизларнинг 12 нафарига Президент туҳфалари – тикув машиналари ва эсдалик совғалари топширилди.

– Бундай эътибордан мамнунмиз, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Дилфуза Раҳматова. – Келгусида тикувчилик фаолияти орқали даромад олишни мақсад қилганман. Бизга кўмак берган Президентимиз ва вилоятимиз раҳбарларидан миннатдормиз.

Шунингдек, Жом қишлоғидаги ногирон хотин-қизларга дори-дармонлар берилди.

Оммавий қабулда вилоятдаги масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва фуқаролар иштирок этди.

Вилоятдаги барча соҳа раҳбарлари алоҳида хоналарга бўлинган ҳолда аҳолини қабул қилди. Мурожаатларини тинглаб, муаммоларни асосан ижобий ҳал этди.
- Бизнинг қишлоғимизда телевизион антена йук, - дейди Нуробод тумани Чункаймиш қишлоғида яшовчи Ҳислат Жабборов. - Ушбу масаладаги мурожаатим ҳал этиладиган бўлди. Вилоят ҳокими топшириғи билан тегишли ташкилотлар томонидан бир ой муддатда қишлоғимизга телевизион антена ўрнатиладиган бўлди.

- Ногирон ўғлим бор, - дейди Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Ойимхол Қудратова. - Охирги вақтда дори-дармон учун моддий томондан кийналиб қолдик. Шунинг учун вилоят ҳокимидан ёрдам сурадим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Бизга эртанинг ўзида моддий ёрдам берилади.
Республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар юзасидан Президент девони вакили Х.Жуманиёзов қабул қилди.

- Менинг умуман паспортим йўк эди, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномам йўқолиб кетган, - дейди Жом қишлоғида яшовчи 63 ёшли онахон Мамлакат Саидова. - Бугун шу ёшга кириб биринчи марта фуқаролик паспортини қўлимга ушлаяпман, ҳаяжондаман. Раҳмат, бир умр паспортим бўлишини орзу қилгандим. Шу вақтгача бирор жойга бу борада мурожаат килмаганим туфайли шу муаммо юзага келган. Бу муаммони ҳал этиб берганларидан хурсандман.
- Жом қишлоғидаги 10 нафар кекса отахон ва онахонларга биометрик паспорт топширдик, - дейди Нуробод тумани ИИБМ ва ФРБ бошлиғи Абдурафиқ Жабборов. - Жом қишлоғида 933 нафар фуқаро қабул қилиниб, шу вақтга қадар тайёр булган биометрик паспортлар эгаларига топширилмоқда. Яна 91 нафар кекса ва ногиронлар уйларига бориб, биометрик паспорт олиши учун ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Табир давомида вилоят ер тузиш ва кучмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан Жом қишлоғидаги 20 нафар хонадон соҳибига уй кадастр ҳужжатлари топширилди.
Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Нуробод тумани бўлими раҳбари Ж.Жалилов маълумотига кўра, айни вақтда Жом қишлоғидаги 1817 та хонадоннинг 848 тасининг кадастр ҳужжатлари йиғма жилди тайёрланган.

- Шу вақтгача уйимиз ҳужжати йўқ эди, - дейди Нурия Муродова. - Бу муаммомиз ҳал бўлганидан хурсандмиз.

Шунингдек, оммавий қабул давомида икки нафар ногирон фуқарога вилоят ҳокими номидан махсус аравача топширилди.
- Синглим ёшлигидан биринчи гуруҳ ногирони, - дейди Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Сожида Абдураҳмонованинг акаси Нодир Абдураҳмонов. - Ўзим қарамоғимга олганман. Давлат томонидан доим ёрдам бериб келинади. Бугун ҳам мурожаатимиз ижобий ечим топиб, махсус аравача ажратилганидан бу ғамхўрликни яна бир бор ҳис қилдик.
Худди шундай оммавий қабул Каттақўрғон шаҳридаги А.Мажидий номидаги ўзбек давлат драма театри биносида Нарпай, Пахтачи ва Каттақўрғон тумани аҳолиси учун ўтказилмоқда.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.