Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Фуқаролик жамияти институти вакилларига мурожаат йўллади

Ҳурматли фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари!

Сизларни Самарқанд вилояти ҳокимлиги номидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” муносабати билан самимий муборакбод этаман!

Бугун мамлакатимизда демократия тамойилларига асосланган, очиқ ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда фуқаролик жамиятининг ўрни беқиёс аҳамият касб этмоқда. Сизларнинг фаоллигингиз, ташаббускорлигингиз ва жамият манфаатларини илгари суришдаги фидокорлигингиз туфайли юртимизда давлат ва жамоатчилик ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик муҳити тобора мустаҳкамланмоқда.

Вилоятимизда сўнгги йилларда фуқаролик жамияти вакиллари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва маҳалла даражасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан сув таъминоти, йўл инфратузилмаси, атроф-муҳит муҳофазаси, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларда амалий лойиҳалар йўлга қўйилгани эътирофга лойиқ.

Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари нафақат муаммоларни кўтараётган, балки уларнинг ечимини ҳам таклиф этаётган кучли ижтимоий шерикка айланди. Бу — замон талабига мос фаол позиция, жамият тараққиётига ҳисса қўшишнинг энг таъсирчан йўлидир.

Ҳурматли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари!

Сизларнинг фикрингиз, ташаббусингиз ва амалий фаоллигингиз вилоятимиз ҳаётида катта аҳамият касб этади. Шу боис, биз барча даражадаги давлат идоралари билан очиқ мулоқот майдонларини кенгайтириш, жамоатчилик фикрини инобатга олиш ва қарор қабул қилиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларини фаол иштирок эттиришни устувор вазифа деб биламиз.

Ҳокимлик Сизларнинг ижтимоий лойиҳаларингизни амалга ошириш, янги ғояларингизни ҳаётга татбиқ этиш ва аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларингизни рўёбга чиқаришда доимо ёрдамчи бўлиб қолади.

Сиз томонингиздан олиб борилаётган фаолият — бу фақат жамоатчилик хизмати эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, халқ ишончини оқлаш ва Ватан равнақига ҳисса қўшиш йўлидаги эзгу ҳаракатдир.

Шу муносабат билан барчангизни Фуқаролик жамияти ҳафталиги билан табриклар эканман, фаолиятингизда янги ғалабалар, юксак зафарлар ва ижтимоий ҳамжиҳатлик тилайман.

Юртимизнинг ҳар бир гўшасида фуқаролик жамиятининг фаол, масъул ва ташаббускор вакиллари бор экан, ислоҳотлар самараси янада юксак бўлишига ишонаман.

Ҳурмат билан,

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев.