Эркинжон Турдимов ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволларга жавоб қайтарди
Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимлар жойлардаги эпидемиологик вазият ҳақида аҳолини хабардор қилиб бориши ва ижтимоий тармоқлар орқали тушаётган саволларга жавоб бериши, муҳокама этилаётган масалаларга муносабат билдириши зарурлигини таъкидлаган эди.
Ана шу талабдан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов брифинг ўтказди.
– Бугун ижтимоий тармоқларда қатор тушунмовчиликлар, саволларга гувоҳ бўляпмиз, аммо масъул корхона ва ташкилотларимиз бу савол ва фикр-мулоҳазаларга ҳали ҳам ўз муносабатини тўлақонли билдирмаяпти, – деди Э.Турдимов. – Раҳбарларимиз томонидан ОАВда чиқиш қилинмоқда, бироқ бу бугунги кун талабига жавоб бермаяпти. Халқимизнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга етарли бўлмаяпти. Шу сабаб бугун брифинг ташкил этиб, билдирилган саволларга жавоб беришга қарор қилдик.
Вилоят ҳокими дастлаб, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларда кенг муҳокама бўлган Самарқанд шаҳрида яшовчи онанинг фарзанди саломатлигидан ташвишланиб, йўллаган видеомурожаатига тўхталди.
– Биз кеча бу онанинг фикрлари ва унинг ўғли А.Мусиновнинг саломатлиги ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар бердик, – деди Э.Турдимов. – Ушбу мурожаат менга 13 июль куни телеграм орқали келган эди. Шу куннинг ўзида шифокорлар бориб, беморнинг ҳолатини ўрганди ва уни тез ёрдам машинасида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига олиб бориб, жойлаштиришди. Зарур тиббий муолажалар қилинди ва ҳозирда беморнинг ҳолати яхши. Кеча ўзим телефон орқали Аслам Мусинов билан гаплашдим, нима бўлганини сўрадим. Айтишича, касаллик белгилари сезилганда, яъни иситмаси кўтарилиб, томоғи оғриганда у уйда даволанишга ҳаракат қилган. Аммо вазият ўнгланмаган. Мен Асламга унинг саломатлиги учун қайғурган онасидан миннатдор бўлиши кераклигини айтдим. Фурсатдан фойдаланиб, барча самарқандликлардан ўзларида коронавирус аломатларини сезганларида зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилишларини, ўз билганларича даволанишга ҳаракат қилмасликларини сўрайман.
Биз кеча шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини қайта кўриб чиқдик, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги call-center ишини жонлантирдик. Аҳолининг тез ёрдамга ёки поликлиникаларга мурожаат қилишида, уларнинг сўровларига жавоб ёки маслаҳатлар беришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни даволаш учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 3,2 миллиард сўмлик 65 турдаги дори воситалари харид қилинди ва ҳозирча икки ойлик захира яратиб қўйдик. Яқин кунларда яна бир ойлик захира яратиш учун зарур чораларни кўряпмиз. Демоқчиманки, коронавирус аниқланган беморларни дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлашга имкониятимиз етади. Уйида даволанадими ёки шифохонадами, касаллик қайд этилган бемор бепул равишда дори-дармон билан таъминланади. Бу борада муаммо юзага келса, фуқаролар ижтимоий тармоқлар, ишонч телефони орқали ўзимга мурожаат қилишлари мумкин.
Брифинг давомида Э.Турдимов вилоятда коронавирусга текшириш учун олинаётган тест таҳлиллари, хусусий тиббиёт муассасаларида таҳлил олиш тартиблари, тез ёрдам ва поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти, дорихоналардаги тақчиллик ва нарх-наво масалалари юзасидан саволларга ҳам батафсил жавоб қайтарди.