Вилоят судлари Нарпайда сайёр қабул ўтказди

Самарқанд вилоят суди ва маъмурий суди Нарпай туманидаги 1-мактабда туман аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.

Вилоят суди раиси ўринбосарлари Т.Бойзоқов ва З.Аллабаев, вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жумладан, Ноғорахона МФЙда яшовчи Қ.Каримов аввал судланганлиги, ҳозирда оқланганлигини баён қилди. Унинг судланганлик ҳолати фарзандларига зарар бермаслиги учун нима қилиш кераклигини сўради. Унга амалдаги тартиблар ҳақида батафсил ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ушбу маҳаллада яшовчи Н.Миродова эса турмуш ўртоғининг асосий касби ҳайдовчилик эканлиги, шу касб ортидан рўзғор тебратишини баён қилди. Бироқ турмуш ўртоғи ҳуқуқбузарлик содир қилгани учун маълум муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бугунги кунда турмуш ўртоғи қилмишидан пушаймон эканлиги, етарли хулоса чиқарган, оиласининг моддий аҳволи қийинлашиб қолганини инобатга олиб, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосидан озод қилишни сўради. Мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Қозикент МФЙ яшовчи С.Икромов ва Ипак йўли МФЙда яшовчи И.Омонов фермер хўжалик раиси эканлигини билдириб, туман ҳокимлиги томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлиги бўйича мурожаат қилди.

Каттақўрғон шаҳар Каттақўрғон МФЙдан келган Л.Ўролова ҳамда Нарпай туман Зоир ота МФЙда келган Н.Самадов ишга тиклаш ва моддий ва маънавий зарар ундириш масаласида мурожаат қилишди. Уларга қандай ҳаракат қилиши лозимлиги аниқ-равшан тушунтириб берилди.

Содир қилган жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган Н.Сиддиқов, Д.Гаппарова, С.Неъматов мурожаат қилиб, пушаймон бўлиб тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан олдин озод қилишни сўради. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Шу ернинг ўзида сайёр суд ташкил этилиб, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганиб чиқилди. Н.Сиддиқов ва Д.Гаппарованинг мурожаатлар ижобий ҳал этилди, С.Неъматовга ҳуқуқий тушунтириш берилди. 

Шунингдек, фуқаролар алимент, никоҳ, ишга тиклаш ва бошқа турли масалаларда мурожаат қилишди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими.