Вилоят судлари раислари сайёр қабул ўтказди

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров Самарқанд шаҳридаги Боғисарой маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабуллар ўтказди.
Учрашувда вилоят суди раиси О.Ҳайитов мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида, шунингдек, мазкур сайёр қабулни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида батафсил тушунча берди. Йиғилганларни сайёр қабулда фаол бўлишга чақирди.
Тадбир давомида 40 дан ортиқ фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди. Самарқанд шаҳар Меҳнат маҳалласида яшовчи Б.Маматқулов, Т.Ҳусаинзода содир қилган қилмиши учун қонуний жазосини олиб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди. Шу маҳаллада яшовчи Ш. Адизов эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди. Улар сайёр қабулда қилмишидан пушаймон бўлганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради. О.Ҳайитов мурожаатчиларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, ҳолатнинг сабабларини ўрганди.
Б.Шодмонқулов эса маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги учун муайян муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. У қилмишидан пушаймонлигини, тегишли хулоса чиқарганлигини, бошқа бундай хатога йўл қилмаслиги билдирди. Автомашина бошқариш орқали оила тебратиши, ҳозирги кунда оилавий шароити қийинлашиб қолганини, шу боис мазкур жазодан озод қилишни сўради.
Турли корхона-ташкилотларининг 32 нафар ҳисобчиларига солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топширмаган ёки ҳисобот юритишда хато-камчиликка йўл қўйганлиги ҳолати юзасидан солиқ идоралари томонидан маъмурий баённомалар тузилган эди. Бу ҳисобчилар ҳам сайёр қабулга келиб, вилоят суди раисига мурожаат қилди ва хато-камчиликлар қайта такрорланмаслиги, жарималарни тўлаш оғирлик қилаётганлигини баён қилди.
Сайёр қабул давомида сайёр суд ташкил этилди. Судда ҳар бир ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилди ва мурожаатлар қаноатлантирилиб, жазодан озод қилиндиар.
Самарқанд тумани Бадал маҳалласида яшовчи А.Насриев, Навбоғчиён маҳалласи яшовчи А.Ҳасанов юридик фактни белгилаш юзасидан вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров қабулида бўлишди. Сайёр судда уларнинг мурожаати қаноатлантирилиб, ФХДЁ органига мажбурият юклатилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.