Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи мактаб таъмирига пул йиғилишига қарши эмас. Фақат...

Мактабнинг асосий вазифаси ўқувчиларга сифатли таълим бериш. Хўш, таълим сифатини оширишга нималар тўсиқ бўлмоқда? Ҳар ўқув йили якунида мактаб таъмири масаласи ва унинг атрофида турли миш-мишлар тарқалади. Бу йилги таъмирлаш жараёни қандай бўлади?

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева билан бўлган суҳбатимиз шу каби мактаб муаммоларига бағишланди.

- Зебинисо опа, ўқув йили якунланмоқда, вилоятда мактаблар рейтинги кўтарилдими?

Кейинги йилларда вилоятимизда мактаблар рейтинги тушиб кетгани айни ҳақиқат. Бу бизнинг оғриқли нуқтамиз, албатта. Бугунги кунда республика миқёсида вилоятимиз қуйи ўринларда турибди. Бунинг ўзига яраша айрим сабаблари ҳам бор. Масалан, вилоятимиз ҳудуди катта, 1257 мактаб, 56 мингдан ортиқ ўқитувчи бор. Ҳали имкониятларимизнинг барчасини ишга солганимиз йўқ. Биз таълим сифатини ошириш мақсадида январь ойидан бошлаб барча муаммоларнинг ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз. Биринчи навбатда, мактабларда номутахассис педагогларни камайтириш, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар сонини оширишга эътибор қаратяпмиз.

Бу йил 8 минг ўқитувчини навбатдан ташқари аттестация жараёнларига жалб қилдик. Чунки мактаб рейтинги олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг сонига қараб белгиланади. Ҳали аттестация натижалари чиқмаган бўлса-да, лекин умидимиз катта. Вилоятимизда 145 нафар методистларимиз бор, шу пайтгача уларнинг нима иш билан бандлиги ҳеч кимни қизиқтирмаган. Биз улардан ҳам фойдаланяпмиз. Шунингдек, 606 нафар кадрларга эҳтиёжимиз бор. Айниқса, туманларда олий маълумотли мутахассислар йўқлиги сабаб, мактабларда номутахассис кадрлар дарс беряпти. Уларнинг ўрнини вакант жой сифатида ish.uzedu.uz сайтига жойлаштирдик. Олис ҳудуддаги мактабларга 25 нафар, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга 18 нафар педагог бошқа вилоятлардан келиб ишламоқда. Масалан, Нуробод туманига Бухоро вилоятидан эр-хотин ўқитувчилар келиб, мактабда дарс беряпти. Эндиликда биз фақат таълим сифатига жавоб берамиз. Бу йилги рейтинг кўрсаткичимиз ўтган йилгига қараганда яхши бўлишига умидвормиз.

- Рейтинг кўрсаткичи паст туманларда йил давомида қандай ишлар олиб борилди?

- Рейтинг кўрсаткичи паст бўлган Ургут, Паст Дарғом туманларига вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари бириктирилди. Ушбу туманлар мисолида беш йўналишда “Самарқанд тажрибаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари мактаб ўқитувчиларига мастер-класс ўтди. Ўқитувчиларнинг дарс ўтиш маҳоратини ошириш билан таълим сифатини кўтаришга кўмаклашди. Ўқувчиларни олий таълим муассасаларига жалб этиш мақсадида турли сўровномалар ўтказди, ота-оналар билан давра суҳбатлари ташкил этди.

- Мактаб рейтинги битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичига ҳам боғлиқ. Айрим мактабларда юқори синф ўқувчилари мактаб маъмурияти билан келишилган ҳолда дарсларга қатнамасдан репетиторга боряпти. Сизнингча, бу тўғри йўлми?

- Бизда бу йил 11-синфни 50 647 нафар ўқувчи битиряпти. Тўғри, ўтган йили Олий таълим вазирлиги мактаблар рейтингини ўқувчиларнинг олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичига қараб баҳолаган эди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айримлар шундай йўл тутаётган бўлиши мумкин. Бу йил мактаблар рейтинги 8 та йўналиш бўйича баҳоланади. Биринчиси, бу ўқитувчиларнинг сифат таркиби, яъни олий, биринчи тоифали ўқитувчилар сонига қаралади. Иккинчиси, мактаб коэффиценти ҳисобга олинади. Масалан, бир ҳудудда иккита мактаб бўлиб, биринчисида ўқувчилар 2 навбатда ўқитилади, иккинчисида эса бола сони 1 навбатга ҳам етмайди. Нима учун? Сабаби, биринчи мактабда таълим жараёни тўғри йўлга қўйилган, ота-она фарзандини шу мактабга беради. Шунингдек, энди чет тили ўқитувчиларининг IELTS сертификатига эгалиги, мактабнинг моддий-техник базаси мустаҳкамлигига ҳам баҳо берилади.

- Айни пайтда фан олимпиадаларининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Вилоятимиз ўқувчиларининг натижалари сизни қониқтиряптими?

- Беш йил давомида вилоятимиз ўқувчилари республика фан олимпиадаларида бирон марта ўрин ололмаган, ҳатто тўртинчи ва бешинчи ўринларни ҳам. Ўтган йили пандемия сабабли фан олимпиадалари ўтказилмади. Яқинда Каттақўрғон туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Озода Хуррамова тарих фанидан 89,5 балл билан 2-ўринни эгаллади. Бу кимларгадир кичик ютуқдир, аммо биз учун бу ҳам натижа. Бугунги кунда вилоятларда фан олимпиадаларининг республика босқичлари бўлиб ўтмоқда. 29-30 май кунлари Самарқандда чет тили, яъни инглиз, немис, француз, тожик тили фанларидан республика фан олимпиадаси бўлиб ўтди.

- Яқинда вилоятда педагоглар аттестация тест синовларидан ўтди. Бу йилги натижалар ҳақида ҳамон маълумотга эга эмасмиз...

- Шу жумладан биз ҳам. Халқ таълими бошқармаси буюртмачи ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эса аттестация жараёнини олиб борадиган ва баҳолайдиган ташкилот. Бу йил кимга ёқди ёки кимга ёқмади, бир нарсани тан олишимиз керак, аттестация жараёни шаффоф ўтказилди. Ҳар бир ўқитувчининг исм-фамилияси электрон базага киритилди. Ўқитувчи ўзи ҳақидаги маълумотни компьютерга киритганидан сўнг саволлар бирин-кетин берилди ва имтиҳон сўнггида тўплаган бали маълум қилинди. Бу жараёнда биров бировга ёрдам беришининг имкони йўқ. Лекин ҳамон одамлар орасида аттестация жараёнлари пул билан ҳал қилинади, деган тушунча бор.

- Нега мана шу натижалар ҳали ҳам эълон қилинмаяпти?

- Чунки, аттестация жараёнининг иккинчи босқичи ҳам бор. Иккинчи босқичда ўқитувчи 3 йиллик меҳнат фаолияти ҳақида ҳужжатларини топшириши керак. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўқитувчининг фаолиятини ҳам олган балига қўшади, сўнгра натижасини эълон қилади. Аммо биз инсон омили аралашмасин, деган мақсадда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мана шу иккинчи босқични олиб ташлашни таклиф қилдик. Тест натижасининг ўзи ўқитувчини баҳолаш учун етарли. Бу йил ўқитувчилар ҳам аттестация жараёни адолатли ташкил этилаётганини тушуниб етди.

Шунингдек, ўқитувчига бериладиган сертификат ҳам электрон тарзда базага киритилади. Сертификатнинг коди ёзилса, кимга тегишли экани чиқади. Аввалгидек, битта қоғоз вариантдаги сертификат билан бир нечта ўқитувчи тоифа олиб, ноқонуний маош олмайди. Афсуски, айрим жойларда шундай ҳолатлар ҳам кузатилди. Натижада ноқонуний тўланган иш ҳақлари аниқланиб, халқ таълими соҳасида “еб кетибди”, деган турли гаплар тарқалди. Аслида аттестациядан ўтолмаган айрим ўқитувчилар сохта сертификат билан маош олиб келгани аниқланди. Энди мана шундай сохта ишлар бўлмайди.   

- Ҳамон айрим мактабларда “мактаб фонди”, “синф фонди” дея ота-оналардан пул йиғилаётганини эшитиб қоляпмиз. Ёки байрамларда ўқитувчини табриклаш учун ота-оналар пул йиғаётган жараёнларга гувоҳ бўляпмиз. Мактабдаги пул йиғимларини узил-кесил йўқотишнинг иложи борми?

- Шуни ота-оналар тушуниши керакки, эндиликда таълимга жуда катта инвестиция ажратиляпти. Мактабларда бўрдан тортиб, супургигача давлат сметасига киритиляпти. Беш йил олдин мактаб директори эдим. Унда ҳақиқатдан ҳам бўр, супургини мактаб жамоаси олиб берарди. Энди йил бошидан ҳар бир мактаб сметасига таъмир учун пул ажратилади. “Мактаб фонди”, “синф фонди” деган нарса йўқ. Қаерда бундай ҳолат кузатилаётган бўлса, биз кескин чора кўряпмиз. Аммо мактаблардаги кузатув кенгаши томонидан ҳомийлар топиш ёки мактабда репетиторлик қилиш орқали пул топиш мумкин. Бу қонунда белгиланган.

Байрамларда ўқитувчига пул йиғиш ҳолатига келсак, ҳақиқатда ҳам бу ҳолат айрим мактабларда кузатилади. Биз мингдан ортиқ мактабни тўлиқ назорат қилолмаймиз. Ота-оналарнинг ўзлари ташаббус билан чиқмаса, совға-салом бериш ҳам ўз-ўзидан йўқолади.

- Ҳар ўқув йили якунида мактаб таъмири масаласи ва унинг атрофида турли миш-мишлар тарқалади. Масалан, ўтган йили ҳам айрим мактаблар ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳисобидан таъмирланган. Бу йилги таъмирлаш жараёни қандай бўлади?

- Охирги 25 йил ичида давлат бюджетидан мактабга бир тийин пул ажратилмаган, молия бир метр куб ойна олиб бермасди. Иситиш, том қисмини қўятуринг. Кимларга учрашишингиз, ялинишингиз керак эди. Шунинг учун ҳам бугун мактабларда ҳақиқатда аҳвол оғир. Ўзимни болам ҳам мактабга боради, бугун мактаб таъмирига ёрдам беришга тайёрман. Фақат бундай йиғимлар мактаб жамоаси, ўқитувчи томонидан эмас, балки кузатув кенгашлари томонидан ташкил этилиши керак. Кузатув кенгашлари сметада мактаб таъмирига қанча пул ажратилгани ва яна қанча маблағ кераклигини ҳисоблаб чиқиб, шунга яраша маҳалла, кенг жамоатчилик билан келишган ҳолда ҳомийлар топса, мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни хоҳлардим. Ҳозирги кунда вилоятда жами 1257 та мактаб мавжуд бўлиб, уларни замонавий қиёфага келтириш учун 266 тасида янгидан қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш зарур. Ушбу мақсадлар учун 1 триллион 482,0 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Бироқ, 2021 йил учун қурилиш-монтаж ишларига 174,112 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу ўз навбатида жами эҳтиёжнинг 11,7 фоизини ташкил этади. Ушбу динамика асосида маблағлар ажратилган тақдирда жами эҳтиёжни ўртача 9 йил давомида бартараф этиш мумкин. Мана шу муаммолар бартараф этилса, таъмир учун йиғди-йиғдилар аста-секин ўз-ўзидан барҳам топади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА

суҳбатлашди.