Вилоятда 3500 гектардан ортиқ ҳудуд ободонлаштирилади

Шу йилнинг 15 октябридан тозалик ва озодалик ойлиги доирасида вилоятимиздаги маҳаллалар, таълим муассасалари, кўчалар ҳамда аҳоли тураржойлари ҳудудларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, маҳаллалардаги мавжуд санитар ҳолатни яхшилаш, атроф-муҳитни тозалаш, кўчалар ва йўлакларни таъмирлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, кўчат ва гуллар экиш ишларида фуқаролар фаол иштирок этмоқда. 

– Ойлик доирасида вилоятдаги 1081 та маҳаллада 3518 гектар майдонни ободонлаштиришга киришилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси масъул ходими Аловуддин Лапасов. – Шунингдек, 777 минг тонна маиший ва қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиш, 1,3 километр ариқ ва лотокларни тозалаш, 1570 дан зиёд қабристон, 130 га яқин зиёратгоҳ ва 330 дан ортиқ боғларни ободонлаштириш, қарийб 13 мингга яқин кўча, 400 дан ортиқ спорт майдончаси ва 301 минг 639 та хонадонни тартибга келтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида 4677 та оилага ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдамлар кўрсатилади.