Вилоятда йилнинг шу давригача 70 дан ортиқ кибер жиноят содир этилгани маълум қилинди
Бу ҳақда Тошкент давлат ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида “Сyber Week” номи остидаги “Кибер маконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги" доирасида ўтказилган тарғибот тадбирида айтилди.
Унда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти киберхавфсизлик маркази ҳамда марказнинг вилоят бўлими масъуллари йиғилганларга кибержиноят турлари, кейинги вақтда жиноятчилар томонидан кенг қўлланилаётган фирибгарлик шакллари, улардан ҳимояланиш омиллари ҳақида тушунча берди.
— Жорий йилнинг ўтган вақтида вилоятимизда 70 дан ортиқ шу турдаги жиноят аниқланди, - дейди ИИВ Тезкор-қидирув департаменти киберхавфсизлик маркази вилоят бўлими масъул ходими Азамат Йўлдошев. – Бир муддат олдин Телеграмм мессенжерида фуқароларнинг шахсий маълумотларини эгаллаб олиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳам шулар жумласидан. Ўрганишларимиз давомида бу каби жиноятларнинг асосий қисми хориждан туриб бошқарилаётгани маълум бўлмоқда. Бу эса уларни фош қилишни янада мураккаблаштиради. Шу боис бугун олдимизда турган асосий вазифа аввало, фуқароларда кибер таҳдидлардан огоҳликни ошириш.