Вилоятдаги 1751 гектар самарасиз боғ бузилади
Уларнинг ўрнида интенсив боғлар ташкил этилиб, экспортбоп маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади.
2024 йилда “Агроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 15,8 мингдан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилиб, 7,2 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Йил давомида 1 миллиард 327 миллион 289 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилиб, шундан 919 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилган, 259,8 миллион сўм маъмурий жаримани ундириш учун Мажбурий ижро органларига юборилган.
“Агроинспекция” вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жасур Эсиргаповнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан тўғри фойдаланишга қаратилган назоат тадбирларида 57 ҳолатда фермер хўжаликлари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
- Бунда асосан Паст Дарғом, Ургут, Самарқанд туманларида фаолият юритувчи фермер хўжаликлари белгиланган экинлардан бошқа экин экиш ва кам майдонга экилиш ҳолатлари кузатилган ва ҳолатлар бартараф этилган, - дейди Ж.Эсиргапов. – Соҳадаги муҳим йўналишлардан бири боғдорчиликни ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш ҳисобланади. Бу йўналишда Давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосан самарасиз ва кам ҳосилли боғларни бузиш белгиланган. Бу борада вилоятимизда 1751 гектар самарасиз ва кам ҳосилли боғлар хатлов қилинган. 2024 йил куз ойларида ушбу боғларнинг 136 гектари бузилди, баҳор ойларидан қолган яроқсиз боғларни бузиш ишлари бошланиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилган. Бу асосан Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нуробод, Паст Дарғом, Нарпай, Пахтачи туманларида аниқланган. Уларнинг ўрнида интенсив боғлар ташкил этилиб, экспортбоп маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.