Вилоятимизда 16,8 минг гектар майдонда сув тежамкор технологиялар жорий этилган. Бу камми ёки кўп?
Ҳозирда вилоятимиздаги 4 минг 40 гектар пахта, 10 минг 639 гектар боғ, 814 гектар ток, 941 гектар ёнғоқ, 418 гектар сабзавот ва полиз экин майдонида сув тежамкор инновацион технологиялар жорий этилган.
Табиий усулда суғорилганда, тупроқнинг унумдор қатлами суғоришдан олдин меъёридан ортиқ қуриб, суғоришдан кейин намлик даражаси ортиб кетади. Томчилатиб суғоришда эса экиннинг илдиз қатлами меъёрида сув билан таъминланиб, сув, бошқа озиқ моддалар ҳам исроф бўлмайди. Бунинг устига томчилатиб суғорилганда табиий суғориш усулига нисбатан сув 20-50 фоизгача тежалади.
Кўчма эгилувчан қувурларни бир йиллик, хусусан, ғўза, ғалла, пиёз, кунгабоқар, лавлаги, маккажўхори каби экинларни суғоришда қўллаш яхши самара беради. Чунки бунда ариқлардаги сувнинг ерга сингиб кетишининг олди олинади.
Мисол учун, Булунғур туманидаги 6 минг 566 гектар боғ ва токзорнинг 1952 гектарида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Шунингдек, 22 та фермер хўжалиги томонидан қарийб 300 гектар майдон кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилмоқда. Бу борадаги тадбирларни янада кенгайтириш мақсадида боғдорчиликка ихтисослашган 170 гектар боғ, 200 гектар токзор ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб, 400 гектар майдонни кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш режалаштирилмоқда.
Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.