Вилоятимиздаги 1607 та диққатга сазовор жойлар Республика миллий рўйхатига киритилган

Музейлар ва тарихий обидалар ҳар бир халқнинг илмий-маданий меросини ифода этувчи жонли тарих. У халқнинг маданияти, турмуш тарзи, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Музейлар ва тарихий обидалар чинакам илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, йилдан-йилга бойиб, қиймати ошиб боради.
Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ушбу масканлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Жумладан, 2025 йилгача бўлган муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда Ўлкашунослик музейларини ташкил этиш, уларнинг экспонатларини бойитиш, асраб-авайлаш ва ходимлар манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилиниб, фуқароларнинг ушбу масканларга бепул кириб кўришларига имкон яратилаётгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, бу халқимизнинг шонли тарихи ва аждодларимизнинг бебаҳо меросига доир билимларини бойитиш, қалбида миллий ғурурни юксалтиришга катта ҳисса қўшади.
Бугунги кунда вилоятдаги 1607 та диққатга сазовор жойлар, яъни маданий мерос объектлари Республика миллий рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, 10 та давлат ва 30 тадан ортиқ нодавлат музейларда қарийб ярим миллионга яқин музей ашёлари авайлаб сақланиб келинмоқда. Уларни тадқиқ этиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бойитиб бориш, муҳофаза қилиш ғоят муҳим масала эканлиги инобатга олиниб, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этиладиган бўлди.
Шунингдек, ушбу ҳужжатда Маданият вазирлиги тизимида келгусида онлайн портални ишга тушириш, маданият муассасалари, музейлар ва тарихий обидалар фаолиятида кириш-чиқиш жойларига электрон турникетлар ўрнатиш, электрон чипталар жорий этиш ишларини амалга ошириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу ишлар бизнинг соҳамизда шаффофликни ошириш, маданият муассасалари, музейлар ва тарихий обидалар фаолиятидан аҳолининг янада қулай ва осон фойдаланишини таъминлайди.
Мазкур ҳужжатда бу соҳада ишловчи ходимлар малакасини ошириш, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш ва меҳнатига яраша рағбатлантириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Кўп вақтлардан буён ўз ечимини кутаётган Миллий музей фонди ва каталогини шакллантириш соҳасидаги ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш “Концепцияси” ва уни амалга ошириш бўйича ”Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Маданий мерос объектларида ходимлар ва ташриф буюрувчилар учун замонавий интернет хизматларидан кенг фойдаланиш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш, ҳар бир объектнинг имкониятидан келиб чиқиб, уларда турли тадбирлар ташкил этиш масалалари ҳам ҳужжатда кенг ёритиб берилган.
Х.САМАРОВ,
Регистон ансамбли директори.