Китоб сотаётган одам

Бу узундан-узоқ йўлканинг охири йўқдай эди.
Қишин-ёзин эрта тонгдан кеч шомгача бу ердан одамлар оёғи узилмас, нимадир сотиб, нимадир олаётган кишиларнинг ғала-ғовури сира тинмасди.
Йўлка адоғида қартайиб, бир-ярим шохлари қурий бошлаган чинор остида тўқсонни қоралаган чол ўтирар, бироз букчайган кенг елкалари, нуроний чеҳраси у бир вақтлар жуда кўркам йигит бўлганидан далолат берарди. Тап-тақир қирилган бошидаги нимдош мовут кулоҳ, узун симоби яктак унга улуғвор тус берар, қартайган чинор ва ундан-да қарироқ чол ола-ғовур йўлканинг таркибий қисмига айланган, йил-ўн икки ой бу ердан ўтиб қайтадиган оломон эски шолча устида ўтирадиган бу кишига эътибор бермай қўйган, бор-йўқлигини ҳеч ким сезмасди. Миршаб, солиқчи, паттачиларнинг ҳам у билан ишлари йўқ эди. Чол бу дунёи дунда шунчалар кўп яшаб қўйган эдики, кунлар, ойлар у ёқда турсин, йиллар, ўн йилликлар саноғидан адашиб кетган, қай юрт, қай мамлакатда яшаётганини ҳам билмасди, чамаси.
Унинг ёнида жигарранг сахтиён муқоваси титилиб, саҳифалари сарғайиб кетган китоб ётар, бу матоҳга ҳеч ким қиё боқмасди.
Қўлида егулик, ичгулик яна алланималарни кўтарган одамлар оқими бир зум ҳам тинмас, чол эсини таниганидан буён шу эски китобни сотмоқчи бўлар, лекин сира харидор тополмасди.
Онда-сонда тўхтаб, китобнинг у ёқ-бу ёғини ағдариб кўрадиган зиёлинамо кишилар у нима ҳақида эканлигини чолдан сўраб қолишарди. Чол хира тортган кўзларини ерга тикиб, «билмайман» дея тан олар, сўнгра ўзини оқламоқчи бўлиб, бидилларди:
- Тўғри, бир пайтлар бу китобда нималар ёзилганини билардим. Бобом айтиб берган эди. Ҳозир эсимдан чиқиб кетди... Қайта ўқий десам, кўзим ўтмайди... Мен, ахир, бу дунёда қарийб юз йилдан бери яшайман... Юз йил!..
Қариянинг овози қалтирар, қаршисида безрайиб турган кимса бу китобни барибир харид қилмаслигини яхши билганидан, кўзларини яширмоқчи бўларди. Нурсиз кўзларида эса мудом ёш ялтирар, бу қарилик оқибатими, ёинки аламданми, билиш мушкул эди.
У кўп йиллар мобайнида чинор остида ўтириб, ёнидан муттасил ўтиб-қайтиб турган оломон табиатини яхши ўрганган, унча-мунча одамга китобини таклиф этмас, кўнглида ўзининг энг ноёб буюмини сота олишига андаккина умид пайдо бўлгандагина паст товушда илтижо қиларди. Шундай пайтларда чуқур ажинлар қоплаган юзини аллақандай илоҳий нур ёритгандек бўлар, бироқ ғала-ғовур кучсизгина овозини ямлаб-ютиб, яна бир лоқайд кимса эътибор қилмай ўтиб кетгач, қариянинг чеҳраси мотамсаро тус оларди.
У баъзан умидсизликка тушиб, этагини қоқиб, туриб кетмоқчи бўлар, шунда сўнгги нафасларини олаётган бобосининг васияти ёдига тушарди.
- Болам, - деганди ўшанда бобоси, - бу ноёб китобни отангга эмас, сенга қолдираман. Отанг бу китоб қадрига етолмаса керак... У қорин бандаси... Сенинг йўриғинг бўлак, ўғлим. Сен бу китобни одамларга етказишинг керак...
Бу китобда инсониятни бало-қазолардан асрагувчи буюк сир бор... Ҳа, Буюк сир!.. Сен уни эгасига етказишинг керак. Китобнинг ҳақиқий эгаси ким эканини мен билмайман. Зора, Аллоҳ марҳамати ила сен бу ишнинг уддасидан чиқсанг...
Бобосининг сўнгги нафасида айтган сўзлари қулоқлари остида акс-садо берар, у ҳушёр тортиб, атрофга боқар ва ўша, китобнинг ҳақиқий эгасини сабр-тоқат билан кутишда давом этарди.
Қарилик қурсин-а, қарилик! Баъзан ички туйғуси унга панд бериб, китобдан мутлақо йироқ одамлардан умид қилар ва охири жуда ўсал бўларди.
...Ўшанда чинор энди барг ёза бошлаган, кун ниҳоятда илиқ ва нурли эди. Эрта тонгдан қариянинг кўнгли ҳам баҳор осмонидек ёришиб кетди. Бир маҳал чеҳраси кўркам ўрта яшар киши чол ўтирган ерга яқинлаша бошлади.
Китоб сотувчининг юраги ҳаприқди ва у ўзининг азалий илтижосини такрорлади.
Сипо кийинган киши унинг овозини эшитдими, йўқми, буниси номаълум. Лекин ҳарқалай, у бир муддат тўхтаб, чолга, унинг олдидаги очиқ китобга парвосиз нигоҳ ташлади. Сўнгра чўнтагидан пул олди-да, уни китоб устига ташлаб, ўз йўлига равона бўлди.
Чолнинг бошидан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди. Унинг китоби ҳеч кимга керак эмас! Унга садақа беришди!
У ғижимланган пулга қаради-ю, бўғзига тиқилиб келган аччиқ бир нарсани ютолмай, жонсарак бўлди. Инжудек товланган кўз ёшлари китобнинг сарғайган варақларига чак-чак томар, чолнинг букчайган елкалари силкинарди.
Китоб сотувчининг чинор остидаги узоқ йиллик ҳаётида бундай ҳодиса неча марта содир бўлган, лекин уни тиланчи деб ўйлаб, берилган садақа ҳеч қачон бунчалик таҳқирламаганди. Бояқиш баҳорнинг бу ёруғ куни ва чеҳраси кўркам одамдан бунчалик бедодлик кутмаганди.
Чол ҳар қанча кўз ёш тўкмасин, ҳаёт ўз измида давом этар ва унинг шафқатсиз қонуниятларида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмаганди. Сирасини айтганда, кимдир кимгадир садақа берса ва қайсидир чол қандайдир китоб узра кўз ёш тўкса, нима қипти? Ахир, дунёда кўз ёш тўкаётганлар камми?..
Шу тариқа кунлар, ойлар, йиллар ўтаверди. Чолнинг овози тобора заифлашиб, кўзларида нур сўниб борар, лекин у ўзининг ноёб китобини сотишга ҳамон умид қиларди. Йил фасллари бир-бири билан алмашар, азим чинорнинг қуриган шохлари кўпайиб борарди.
Чинор остида ўтирган чол ҳаётида эса бирор ўзгариш бўлмаган, ҳамон у қаерда тунаб, қаерда овқатланишини ҳеч ким билмасди.
Ниҳоят, кеч кузнинг совуқ ёмғир ёққан шилта нам оқшомида чол бир қарорга келди шекилли, ёнидан ўтиб кетаётган зиёлинамо кишининг ёмғирпўши этагидан маҳкам ушлаб, ўзига тортди. Ҳалиги киши қалқиб кетиб, жаҳл билан ўгирилди. Ўгирилди-ю, чолнинг мунгли юзларига нигоҳ ташлагач, бироз жаҳлдан тушди. Бу гал чолнинг ички туйғуси панд бермаган, рўпарасида ижирғаниб турган кимса, ҳақиқатан ҳам зиёли эмас, зиёлинамо киши эди.
- Бўтам, - ялинди чол, - шу ноёб китобни сиз ола қолинг. Шундоқ, текинга... Пулингиз керак эмас... Эҳтимол, бу китобдаги сирнинг тагига етарсиз... Шунда ҳаётнинг барча тилсимотлари очилса, не ажаб?..
Зиёлинамо киши ёмғирпўши этагини унинг қўлидан шахт билан тортиб олди-ю, ўшқирди:
- Ҳой, мияси айниган чол! Мен китоб ўқимайман! Мен китоб ёзаман, билдингми?!
Чол қалқиб тушди, қўллари билан бошини пана қилганича, мунғайиб қолди. Бу дағдаға унинг шунча йиллар чинор тагида ўтириб, тўлмаган сабр-косасига томган сўнгги томчи эди. Бояқиш букчайганича сассиз йиғлар, тобора узоқлашиб бораётган қадам товушлари акс-садоси миясига гурзидек уриларди.
Шу изғирин оқшомда чол ғойиб бўлди. Эртасига чошгоҳ маҳали унинг ўрнида етти-саккиз ёшлар чамасидаги нимжонгина қизалоқ пайдо бўлди. Ориқ, ёрқин кўзлари катта-катта қизча гавдасига ярашмаган ширали товушда ўша, эски китобни мақтаб, харидор изларди.
Қизчанинг кўзлари, ширали товуши ғойиб бўлган чолга жуда-жуда ўхшаб кетарди.
Чинор остида юз берган бу ўзгаришни йўлкани супуриб юрадиган фаррош кампирдан бўлак ҳеч ким пайқамади.
Мудом қаёққадир шошилган, доимо ниманидир сотиб, ниманидир олиш илинжида бўлган оломоннинг ҳеч қанақа ўзгариш, китоб ва сир-синоат билан иши йўқ эди.
Одамларнинг сўнгсиз оқими денгиз мисол гувиллаб, қизчанинг товушини ютиб юборар, бебош шамол сарғайган саҳифаларни титкилаб, ҳуштак чаларди. Ёмғирнинг совуқ, оғир томчилари заъфарон япроқларни ерпарчин қилган, яримяланғоч шохлардаги қарғалар қағиллаши юракларга ваҳима солар, лоқайдликнинг бутун коинотни қамраган кўринмас пардаси аро ҳамон ўша илтижоли товуш акс-садо берарди.
- Амакижон! Бу жуда зўр китоб! Унда Буюк сир бор! Энг Буюк сир!.. Бу китобни бобом менга васият қилдилар, уни албатта, ўз эгасига етказишим керак...
Ёмғир товуши борган сари кучаяр, қизалоқ илтижосини ҳеч бир қулоқ эшитмас, ғала-ғовур йўлка зулмат қўйнига ғарқ бўлиб борарди.
Жўра ФОЗИЛ.