Вирус баҳона виждонини пуллаётганлар қонун олдида жавоб беради
Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси зарур тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Яъни, бошқарма ва бўлимлар ходимлари томонидан “COVID-19” касаллигини даволашга тавсия қилинган дори-дармон воситаларининг дорихона ҳамда унинг филиалларидан ташқарида сифати кафолатланмаган ҳолда, қиммат нархларда сотилиши юзасидан доимий равишда рейдлари ўтказилмоқда.
Хусусан, жорий йил 27 октябрь куни департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан Гагарин кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Г. COVID-19 касаллигини даволашда тавсия этилган “Remdesivir” дори воситасининг ҳар бир донасини 800 минг сўмдан сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тадбир давомида 9 миллион 600 минг сўмга сотилган 12 дона “Remdesivir” дори воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, шу куни вилоят бошқармаси ва Булунғур тумани бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси, 56-уй ёнида ўтказилган тезкор тадбирда яна бир устамоннинг фаолиятига чек қўйилган.
Тадбирда Самарқанд тумани Бадал маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Ш. COVID-19 касаллигини даволашда тавсия этилган, ҳар қутисида 120 дона таблеткали "Курантил N25" дори воситасининг ҳар бир қутисини 300 минг сўмдан ҳисоблаб сотаётган вақтда ушланган.
Ашёвий далил сифатида 15 миллион сўмга сотилган 50 қути "Курантил N25" таблеткалари ҳужжатлаштириб олинган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати.