Дори воситаларининг контрафакт нусхаси ноқонуний сотувга чиқарилгани аниқланди

Самарқандда “ВОБЕНЗИМ” ҳамда “WOBENZYM” номли дори маҳсулотлари ҳуқуқ эгасининг розилигисиз контрафакт нусхалари сотилаётган бўлган.

Мазкур дори воситалари “МУКОС Фарма ГмбХ и Ко. КГ” компаниясига тегишли.

Қайд этиш лозим, қонунчиликка кўра, товар ва хизмат кўрсатиш белгисининг эгаси ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга.

Товар ва хизмат кўрсатиш белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.

Ҳолат бўйича вилоят адлия бошқармаси компания раҳбарияти томонидан келиб тушган мурожаатдан келиб чиқиб, контрафакт маҳсулот сотаётган МЧЖ раҳбариятига тақдимнома киритди. Натижада “ВОБЕНЗИМ” ҳамда “WOBENZYM” номли дори воситаларининг контрафакт нусхалари савдодан олиб ташланишига эришилган.

Эслатиб ўтамиз, Товар ва хизмат кўрсатиш белгисини ёки шу белги билан белгиланган товардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.