Самарқанд халқаро аэропортида сифати кафолатланмаган дориларни олиб ўтмоқчи бўлган аёл жаримага тортилди

Самарқанд халқаро аэропортига “Самарқанд-Истамбул” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Х.З. “қизил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида, багаж сумкасида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва сифати кафолатланмаган 7 турдаги қиймати 23 млн. сўмга яқин дори воситаларини яшириб ўтаётганлиги маълум бўлди.

Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Экспертиза хулосасига кўра мазкур дори воситалари Давлат реестрига киритилмаганлиги, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлиги ва сақлаш шароитларига амал қилинмаганлиги сабабли ушбу дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудида ташиш, сотиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган.

Суднинг қарори билан ҳуқуқбузар Х.З. нисбатан жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинган.