Самарқандда 370 миллион сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди

2-12 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшовчи эркак ва аёл катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва бошқа вилоятлардаги танишларига, сотаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.

2 июль куни Самарқанд-Тошкент йўналишида “Эпика” автомашинасида Самарқанд шаҳрига келган шахс махсус харидорга 560 дона “Регапен” ва 100 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 56 000 000 сўм пул эвазига сотганида, мазкур ҳаракатлар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Тезкор комбинациялар давом эттирилиб, 12 июль куни соат 4:00ларда Булунғур туманида жойлашган ЙПХ масканида, “Эпика” автомашинаси тўхтатиб, текширилган. Унинг юкхонасидаги 2 дона қутидаги  идишлар ичига яширилган 2 800 дона “Регапен 300 mg”, 896 дона “Герика 300 mg”, 140 дона “Тропикамид”, жами 3 836 дона умумий баҳоси 322 200 000 сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Шунингдек 1988 йилда туғилган, Тошкент шаҳар, Янгиҳаёт туманида вақтинча яшовчи аёл ушланган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ноқонуний муомаладан салкам 368 млн. сўмлик 4 256 дона “Прегабалин” ва 280 дона “Тропикамид”, жами 4 536 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган.