Водийда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамкорлигида ахборот алмашинув майдони яратилади

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, ўзгариш ва жамиятнинг очиқлиги сари қўйилаётган дадил қадамлар дунё нигоҳида. Буюк Британия қироллиги, Туркия, Малайзия, Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилиги Ўзбекистонни тез ривожланаётган давлат, унинг Президенти Шавкат Мирзиёевни эса “Йил одами” деб эътироф этаётгани мамлакат ҳаёти ҳақиқатларига берилган баҳодир.
Биргина мисол, қатъий дипломатик қоидаларга қарамасдан, куни кеча Туркия Президенти Рэжаб Тайип Эрдоған рафиқаси билан бирга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни самолёт пиллапояларигача шахсан кузатиб қўйгани ҳам дунё ОАВларида Марказий Осиёнинг етакчи давлатидаги янги ички ва ташқи сиёсатини маъқуллашга бир ишора дея баҳоланмоқда. Бу Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун ифтихордир. Шу билан бирга, янги очиқлик, сўз эркинлиги сиёсатини қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаро, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам бурчидир.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусидаги халқаро конференция шу йўлдаги ташаббусларнинг бири бўлди.
- Бундай анжуман вилоятларда илк бор ўтказилиши ва унинг Фарғонада ташкил этилгани вилоят раҳбарияти, ижодий ташкилотнинг иродаси қатъийлигини кўрсатади, - деди унинг модератори, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев. - Фарғона анжумани водийнинг уч ҳудуди – Қирғизистоннинг Боткен, Ўш, Тожикистоннинг Сўғд, Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ва мамлакат журналистикасининг етук олим, амалиётчи ҳамда маъмурларини бирлаштирди.
Анжуман вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг иштирокчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттириш билан бошланди.
Халқаро конференцияда бири-биридан қизиқарли маърузалар, чуқур таҳлил ва амалий таклифлар янгради.
- Биз Ўзбекистон жамиятида рўй бераётган ўзгаришларни кузатиб турибмиз, - дейди “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Соҳиба Шакирова. - Фарғона водийсида ахборот тўлқинларига тўсиқ қўйиб бўлмайди. Биз бир–биримиздаги электрон ОАВлар маҳсулотидан, аввало телекўрсатув ва радио эшиттиришларни бемалол қабул қиламиз. Бу бизнинг хабардорлик имкониятимизни кенгайтиради. Ўзбекистондаги чинакам сўз эркинлиги ҳақиқий демократия қарор топаётганининг намунасидир. Лекин орамизда масофа яқин, ахборот маконидан фойдаланиш имкони бўлса-да, биз амалда бир-биримиздан узоқдамиз. Ҳалигача водий билан чегарадош уч мамлакат журналистлари бир-биримизни яхши билмаймиз. Ахборот алмашув йўлга қўйилмаган. ОАВ ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўқ. Журналистик ташкилотларимиз ҳам ўзича фаолият кўрсатади. Ҳолбуки, биз дунё, қитъа миқёсидаги халқаро анжуманларда учрашиб турамиз. Лекин бугунгача бундай кўринишда йиғилмадик.
Фарғона конференцияси соҳа мутахассислари учун халқаро миқёсдаги илк анжуман эди. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир иштирокчиси ўз фикрларини айтгиси, умумий муаммо ва унинг ечими хусусидаги таклифларини билдиргиси келди.
Фарҳод Жўраев, Тожикистон Республикаси, Сўғд вилояти “Сўғд ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири:
- Ҳозир бу ерда ахборот тўлқинлари тарқатиш имкони ҳақида гапирилди. Биз Сўғд қилоятида Қирғизистон, “Ўзбекистон” телевидениеси кўрсатувларини бемалол кўрамиз. Радиосини эшитамиз. Менга айниқса, “Рухсор” телевидениеси ва радиоси жуда ёқади. Боткен телевидениесидаги фикрлар хилма-хиллигидан ички туйғуларим жўшади. Лекин ўз муносабатимни билдира олмайман. Мен ҳамкорликдаги телекўприк ташкил этишни таклиф қиламан. Масалан, Фарғона-Сўғд, Ўш-Сўғд, Боткен-Сўғд ўртасида бўлсин. Студияларимизга турли хил ёш, касб, қарашдаги одамларни таклиф қилайлик. Улар ўз ҳаёти, ташвишлари, орзу-умидлари ҳақида, бизни бирлаштириб турадиган қадриятлар тўғрисида ўйлаганларини айтсинлар. Халқимизнинг бир-бирини яхшироқ билишига имкон яратайлик. Шунда уларнинг дўстлиги мустаҳкамланишига ҳисса қўшган бўлардик.
Улукбубу Амирова, Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти, “Салам” медиа директори:
- Аввало, Фарғона халқаро конференциясини ташкил этган вилоят ҳокимлиги, Шуҳрат Ғаниевга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу инсонни боткенликлар жасоратли сиёсатчи ва ташкилотчи, икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашнинг фидойиси сифатида билади.
Мен уч тилла газета ташкил этиш, уни бир хил кўринишда тайёрлаб бир вақтнинг ўзида учта давлатда чоп этишни таклиф этаман. Унга ҳар бир вилоят энг муҳим янгиликлар, воқеликлар ҳақида фотосуратлар, мақолалар жойласин. Бу газетани бир йилда камида 4-6 марта чиқарайлик ва унга “Водий”, деб ном берсак.
Азизбек Абдуллаев, “Daryo.uz” интернет сайтининг Наманган вилоятидаги мухбири:
- Ривожланган давлатларда аста-секин қоғоз шаклидаги ахборотдан воз кечилиб, электрон шаклдаги ахборот тобора кенгаймоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Тўғри, унинг фойдаланувчи ёки иштирокчисини “назорат” қилиб бўлмас. Баъзида ахлоқ қоидаларидан чиқиб кетадиган номаъқул сатрлар ҳам учрайди. Лекин биз барибир интернет майдонига асосланган ахборот алмашувчи уч тилли сайт яратганимиз ва уни йўлга қўйганимиз қулай бўлади, деб ҳисоблайман.
Саидаҳмад Шукуров, Андижон вилоятининг “Андижоннома” газетаси бош муҳаррири:
- Биз умумий қарашларимиз бир-бирига яқин халқлар, давлатлар бўлсак-да, ўзимизга хос жиҳатларимиз, қонуний ва ахлоқий меъёрларимиз бор. Шундай экан, ўша ўзига хосликни кенгроқ тарғиб қилишимиз керак. Ўшлик ҳамкасбларимиз билан бу борада дастлабки қадам қўйган эдик. Аммо изчил бўлмадик. Конференцияда тушундикки, барчамизда шундай истак бор экан. Биз ижодий алоқаларни тиклаш, ҳамкорликда газета чиқариш тарафдоримиз.
Фарғона анжуманида олис Америка Қўшма штатларида туриб “Америка овози” телерадио ахборот агентлигининг махсус мухбири Навбаҳор Имомова видеомулоқот тарзида конференция иштирокчиларига мурожаат қилар экан, жамият ва ОАВ муносабатлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий таклифлар киритди.
Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани Амрилло Каримов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Жуманазар Мелиқуловлар жамият ва оммавий ахборот воситалари муносабатларини таҳлил қилишди, таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.
- Фарғонада ўтаётган мазкур конференция иштирокчиларига биз яна бир ахборот майдонини таклиф этамиз, - деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори Садриддин Суяров. – “Дунё” айнан бугунги ғояларга ҳамоҳанг йўл танлаган. Биз ўз сайтимизда Ўзбекистонни тарғиб қилиш билан бирга, бошқа давлат янгиликларига ҳам жой берамиз.
- Журналистик ташкилотлар ижодий ҳамкорлик ташаббускорлари бўлиши лозим, - деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. – Биз бир нечта хорижий мамлакатлар журналистлар ижодий уюшмалари билан яқин алоқалар ўрнатдик. Аммо қўшни давлатда ижод қилаётган ҳамкасбларимиз билан ҳам яқинлашишимиз керак. Бугунги анжуман унга томон дадил қадамдир.
Саъдулла Ҳакимов халқаро конференция иштирокчиси бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги бир нечта фаол журналистларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқлари ҳамда планшетлар билан тақдирлади.
Халқаро конференцияга якун ясар экан, Шерзодхон Қудратхўжаев билдирилган илмий хулосалар, амалий таклифлар албатта, ҳаётга татбиқ этилишига ишонч билдирди.
- Биз бир-биримизни соғинганлигимизни бугунги юзма-юз мулоқот, ўй-фикрларимиз, орзу-мақсадларимиз муштараклиги кўрсатди, - деди Ш.Қудратхўжаев. – Бу ерда Қирғизистон ва Тожикистонда чоп этиладиган ўзбек тилли нашрлар, телевидение ва радио журналистлари назаримда муҳим масалани кўтаришди. Бу журналистикага оид Ўзбекистонда чоп этилаётган илмий-амалий дарсликлар масаласи. Мен университет ректори сифатида сизлар билан бу борада ҳамкорлик қилишга, ёрдам кўрсатишга тайёрман. Яқинда журналистика масалаларини қамраб олган ўн жилдлик тўплам чоп этилди. Сизларга уни юборамиз. Шунингдек, университетимиз Тожикистон ва Қирғизистон ёшларини ўқишга қабул қилишга ва журналистлар малакасини ошириш учун алоҳида гуруҳлар ташкил этишга тайёр.
Халқаро конференция давомида қўплаб савол-жавоблар, мунозарали тортишувлар бўлди. Муҳими, барчанинг фикри бир эди – ҳамкорликдаги ахборот майдонини ташкил этиш лозим.
Иштирокчилар шу куни Фарғона шаҳридаги янги очилган спорт саройи, Қувасойдаги “Водий тулпорлари” от мажмуаси фаолияти билан танишди.
- Бир гапни айтмасам бўлмайди, - деди Тожикистон Республикаси Журналистлар иттифоқи Сўғд вилояти ташкилоти масъул котиби Карим Шариф. - Чегарадан ўтгач, мен уч ҳолатни кузатдим. Булар янги қурилган замонавий қишлоқ уй-жойлари, Фарғонанинг ғоят кенг, сифатли йўллари, қалбимизни яйратган боғ-роғлар ва ҳаётидан мамнун, хурсандчилик билан меҳнат қилаётган инсонлар. Ўзбекситонга, Фарғонага кўз тегмасин, илоҳим!
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.