Врачларнинг "Жума бозори"га бориши миш-мишга сабаб бўлди
Паст Дарғом туманидаги "Жума бозори"да бир гуруҳ ОИТС маркази шифокорлари томонидан экспресс таҳлиллар ўтказганимизда бир зумда бозорда миш-миш тарқалди: "Кимдир ОИТСга чалинибдими, бозордагиларни врачлар кўрикдан ўтказаяпти", мазмунида.
Аслида мақсадимиз турли инфекцияли хасталикларнинг олдини олиш ва аҳоли орасида тарғибот тадбирларини ўтказиш эди. Айнан бозор ҳудудларида тарғибот тадбирларимизни олиб боришдан мақсад - муаммога йўл қўймаслик ҳамда одамларнинг ўз саломатлигига эътиборли бўлишлари учун ўзига хос чорлов эди.
2023 йил 20 январдаги «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижроси юзасидан аҳоли орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида яқинда Паст Дарғом туманидаги катта савдо мажмуаси ҳисобланган "Жума буюм бозори"да ОИТС маркази, туман ИИБ ва бозор маъмурияти ходимлари ҳамкорлигида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида турли инфекцияларнинг олдини олиш мақсадида қатор тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Тарғибот вақтида кўнгилли бўлган 50 нафар шахсда вирусли гепатит В ва 60 кишида ОИВ инфекциясини бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида экспресс тест усулида текширилди. Текшириш натижасида бир кишида Гепатит В аниқланди ва даволашга жалб қилинди.
Тадбир давомида "ОИВ инфекциясини олдини олиш. Соғлом турмуш тарзи", “ОИВ инфекциясини аниқлашда тезкор лаборатория усуллар” мавзуларида суҳбатлар олиб борилди. ОИВ инфекцияси профилактикаси ва ОИВга ўз вақтида текширишни тарғиб қилувчи плакатлар ва постерлар аҳоли кўп тўпланадиган жойларга ёпиштирилиб, ҳар бир иштирокчига “Унутманг: ОИВ инфекцияси юқтирмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган”, “Миграция ва соғлом оила” номли 150 та буклет ва “Бахтли оила қурмоқчимисиз - тиббий кўрикдан ўтинг” номли 200 та эслатма тарқатилди.
Худди шундай тарғибот тадбирлар бошқа аҳоли гавжум ҳудудлар, хусусан, хиёбонларда, ойда икки марта бозорларда ўтказилмоқда.
Дилдора AҲМЕДОВА,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врач эпидемиологи.