“Worldskills Samarkand-2025”: Самарқандда V миллий касблар чемпионати бошланди

Самарқанд шаҳрида Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Worldskills Uzbekistan” Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси билан ҳамкорликда профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “WORLDSKILLS UZBEKISTAN-2025” V миллий касблар чемпионати ўтказилмоқда.

Мусобақада республикамизнинг 12 ҳудудидан 146 нафар иштирокчи ҳамширалик, сантехник, пайвандлаш ҳамда электромантаж касблари бўйича маҳоратини кўрсатяпти. Чемпионат шартларига кўра, ҳар бир вилоятдан битта касб бўйича битта таълим муассасасидан 1 нафар ўқувчи ва 1 нафардан эксперт ўқитувчи қатнашмоқда.

- Президентимизнинг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида касбий таълим муассасаларида тайёрланаётган ўрта бўғин кадрларини халқаро таълим стандартлари асосида тарбиялаш, техникум ўқувчиларини касблар бўйича халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш вазифаси белгиланган, - дейди Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткиржон Алижонов. - Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республикамиздаги 66 та техникум ўқувчилари Самарқандда тўртта касб бўйича беллашмоқда. Иштирокчиларга қулай бўлиши учун халқаро даражадаги асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилган. Жараённи 19 нафар ўзбекистонлик, 12 нафар Қозоғистон, Швейцария ва Германиянинг “ESAB” компанияси вакиллари эксперт сифатида баҳолаб бормоқда. Мусобақада 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган иштирокчиларга жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ўтказиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатига йўлланма берилади ва ғолиблар ўртасидаги сўнгги синов мусобақасида энг кучли 1 нафар иштирокчи халқаро мусобақада иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

“WorldSkills” мусобақаси илк бор Испанияда 1947 йил Иккинчи жаҳон уруши оқибатида вайрон бўлган давлатларнинг айримларида ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилган. 2017 йилда Бирлашган Араб Амирлигида “WorldSkills Abu Dhabi 2017”,  2019 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида “45-WorldSkills”  мусобақалари бўлиб ўтган. Мусобақа 17-22 ёш тоифасида ўтказилади ва ҳар икки йилда бир марта ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати ҳам ташкил этилади.

- Касблар чемпионатининг пайвандлаш технологияси бўйича илк бор қатнашяпман, - дейди Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 2-сон политехникум ўқувчиси Сардорбек Эгамбердиев. – Печкаларни ясашда фойдаланиладиган қаттиқ жисмга пайвандлаш ишларини олиб бордим. Ишимни хорижлик экспертлар юқори баҳолади. Насиб қилса, кейинги босқичларда ҳам юқори натижага эришиб, Тайванда 40 та давлат вакиллари иштирокида ўтказиладиган халқаро ишчи касблар чемпионатига йўлланма оламан.

Мусобақа доирасида миллий касбий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, эришилган натижалар, тажрибалар ва олдимизда турган долзарб вазифалар бўйича профессионал мутахассислар иштирокида “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш” мавзусида форум ўтказилади. Унда миллий мутахассислар билан бирга халқаро тажрибага эга Германия “ESAB” компаниясининг Марказий Осиёдаги раҳбари Екатерина Татаринова, Қозоғистоннинг Оқмола вилояти таълим бошқармаси ҳузуридаги Кўкшетау шаҳар қурилиш-технология коллежи директори Ерлан Бегайдаров, «Kazakhmys ChU» корпорациясининг политехника коллежи директори Айгуль Сыздыковалар иштирок этади.

Миллий касблар чемпионати 31 январга қадар давом этади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.