Халқ билан, журналистлар билан мулоқот қилишда муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилиш зарур
Бугун ўтказилаётган Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
– Бизнинг аввалги ёпиқлигимиз, одамлар билан, айниқса оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқотга чиқмаслигимиз бугунги кун талабига жавоб бермайди, - деди Сенат раиси Танзила Норбоева. - Коррупция ҳолатлари ҳаётимиздан умуман чиқиб кетиши керак. Ўзингиз ўйланг, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига биргина қўпол ҳаракатимиз, ножўя гапларимиз билан қанчалик доғ туширишимиз мумкин.
Бугун журналистларимиз аҳолини безовта қилаётган муаммоларга барча раҳбарларнинг эътиборини қаратмоқда, улар нафақат муаммоларни қайд этмоқда, уларнинг ечими юзасидан янги, ностандарт ғояларни ҳам таклиф қилмоқда.
“Шунинг учун халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилишимиз, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур”, деб алоҳида қайд этиб ўтди Сенат раиси.
Оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган танқидларни тўғри қабул қилиб, очиқлик ва эркин фикр билдирилишини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қабул қилиш керак. Қонунчилик ва парламент назорати доирасидаги фаолият натижаларини аҳоли ва кенг жамоатчилик эътиборига етказиб борилади.