Халқ ишончини таъминлашнинг муҳим мезони

Вилоят ҳокими А.Бобоев иштирокида аҳоли мурожаатлари ва уларда кўрсатилган муаммоларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар натижадорлиги бўйича брифинг ўтказилди.

Қайд қилинганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон билан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш борасида вилоятимизда бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил этиш бўйича вилоят штаби тузилди ҳамда унинг таркибига 29 нафар масъул бириктирилган. Барча туман ва шаҳарларда аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш ва манзилли ҳал этиш йўлга қўйилиб, ойма-ой амалга ошириладиган ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилган.

Таҳлилларга кўра, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича айрим идора ва ташкилотлар, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг сусткашликка йўл қўяётгани кузатилмоқда. Масалан, баъзи бошқарма ва идоралар, ҳокимликлар томонидан мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаяпти, бюрократия ва сансалорликка йўл қўйилиб, муаммолар ҳал этилмаяпти. Оқибатда ўз жойида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юқори идораларгача кўтарилмоқда, такрорий мурожаатлар кўпаймоқда.

Жорий йил 27 июнь кунига қадар Виртуал ва Халқ қабулхоналарига вилоят аҳолисидан 39,2 мингта мурожаат тушган ва бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга камайган. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри (6168 та), Паст Дарғом (4328 та), Ургут (3689 та), Пайариқ (2920 та), Каттақўрғон (2687 та), Нарпай (2616 та), Пахтачи (2575 та) ва Иштихон (2511 та) туманларидан тушган.

Мурожаатларда моддий ёрдам ва нафақа ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр ва газ таъминоти, бандлик ва ишга жойлаштириш, қурилиш, алимент ва қарз ундириш, ички йўлларини таъмирлаш, ички ишлар, банк тизимига доир масалалар кўп учрамоқда.

- Шу ўринда мурожаатлар сонининг кўпайишига сабаб бўлаётган муҳим бир жиҳатга тўхталмоқчиман, - деди А.Бобоев. - Оммавий сайёр қабулларда, шунингдек, электрон тарзда доимий аризалар йўлловчи “навбатчи мурожаатчилар” ҳам бор. Тегишли ташкилотлар ва суд органлари томонидан бир неча бор кўриб чиқилган бўлса-да, улар мунтазам мурожаат қилиб келмоқда. Бу эса такрорий мурожаатлар сонининг ортишига сабаб бўляпти.

Албатта, юқоридагиларнинг барчаси келгусида мурожаатлар билан ишлашда айнан нималарга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу жиҳатдан, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини инобатга олган ҳолда, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ҳал этилишини таъминлаш энг муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолаверади.

Бундан ташқари, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш мақсадида тизимли муаммоларни тубдан ҳал қилиш чоралари кўрилади. Ўз навбатида мурожаатлар билан ишлаш жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятлари кенг жорий этилади.

Брифингда қайд қилинганидек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бу нафақат давлат органларининг вазифаси, балки халқ ишончини таъминлашнинг энг муҳим мезонидир. Шу боис ҳар бир раҳбар ва масъул ходим ушбу йўналишда шахсий жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда фаолият юритиши лозим бўлади.

Ёқубжон Марқаев.