Халқ қабулхоналари сарҳисоби: Ютуқлар, тажрибалар ва муаммолар

Яшириб нима қилдик, кейинги 20-25 йилда аҳоли ўзини қийнаб келаётган муаммони, ўйлантираётган масалани кимга айтишни билмай, қайси идорага боришга ҳайрон қолган вақтлар бўлди. Аммо ўтган икки-уч йилда йўлга қўйилган очиқлик, ошкоралик туфайли бу ҳолатга барҳам берилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни мунтазам йўлга қўйиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ортиқча вақт йўқотиши ва турли идоралар ўртасида сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилаётир.
Хусусан, вилоятимиз шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган Халқ қабулхоналарига йил давомида 19 729 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5204 таси оғзаки мурожаатлардир.
Вилоят Халқ қабулхонасининг ўзига йил давомида 4 355 та, ойига ўртача 370 тагача, кунига эса 20-25 та мурожаат келиб тушган. Энг кўп мурожаатлар Самарқанд шаҳар ҳамда Самарқанд, Ургут, Оқдарё, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларидаги жисмоний ва юридик шахслардан бўлган.
Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, энг кўп мурожаатлар Самарқанд шаҳрига (1 529 та, 2018 йилда 1 757 та) ҳамда Оқдарё (1 258 та, 2018 йилда 1 644 та) ва Каттақўрғон (1 432 та, 2018 йилда 1 273 та) туманларига тўғри келмоқда.
Бу борада энг кам кўрсаткич Булунғур (527 та, 2018 йилда 924 та) ва Пахтачи (581 та, 2018 йилда 1228 та) туманларида қайд этилган.
Умуман, вилоятдаги Халқ қабулхоналарига 2017-2019 йиллар мобайнида жами 79 100 га яқин мурожаатлар келиб тушган.
Жумладан, 2017 йилда 34 152 та, 2018 йилда 25 214 та, 2019 йилда 19729 та мурожаат рўйхатга олинган эди.
Раҳбарлар аҳоли ҳузурига…
Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқот қилишни ташкил этиш мақсадида Халқ қабулхоналарида ҳоким, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа ташкилот раҳбарларининг 2 мингга яқин шахсий қабуллари ташкил этилди. Қабулларда 20 мингга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг арзлари тингланиб, уларнинг 9 883 та мурожаати қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, вилоятнинг барча туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари иштирокида 4370 та оммавий сайёр қабуллар ташкил этилган.
Ушбу оммавий сайёр қабулларда 10 7318 нафар фуқаролар қатнашиб, улардан 28 840 та мурожаатлар қабул қилинган. Уларнинг 10241 таси жойида ҳал этилган, 18119 таси бўйича тушунтиришлар берилган.
Айрим масалалар борки, уларни бир йўла ёки қисқа фурсатда амалга оширишнинг имкони йўқ. Шу боис вақт талаб қиладиган мурожаатлар ижроси учун тегишли масъуллар бириктирилган. Ўз навбатида, улар томонидан мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинган.
Ёқубжон ГАДОЕВ тайёрлади.