Халқ қабулхонаси карантин талаблари асосида фуқаро мурожаатларини ҳал қилмоқда

Бугунги шароитдан келиб чиқиб, халқ қабулхоналари аҳоли билан мулоқотни жорий этилган карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда давом эттирмоқда. Бунда биринчи навбатда фуқаролар мурожаатини қабул қилиш учун “онлайн конференциялар” ва “ишонч телефонлари” ташкил қилинди. Халқ қабулхонаси олдига мурожаатлар учун махсус қутилар ўрнатилди.
Қабул қилинган ҳар бир мурожаат ижросини таъминлаш мақсадида электрон дастур ташкил этилди. Ушбу дастур орқали ҳар бир мурожаат мутасадди идора ва ташкилотларга юборилиб, ижроси қатъий назоратга олинган. Жумладан, пандемия даврида қабулхонамизга аҳоли томонидан озиқ-овқат, моддий ёрдам ва бошқа муаммолар акс эттирилган 65 та мурожаат келиб тушди. Уларни ҳал этиш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда. Масалан, тумандаги секторлар, ташкилотлар масъуллари билан ҳамкорликда маҳаллаларда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, жорий этилаётган қоидаларга амал қилиш борасида тушунчалар бериб келинмоқда. Мурожаат асосида туманнинг 1- ва 2-секторлари ҳудудида жойлашган маҳаллаларда яшовчи 506 нафар кам таъминланган, шароити оғир фуқароларга шакллантирилган рўйхат асосида 9 турдаги, жами 99,3 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 4-сектор ҳудудидаги тўртта маҳалла аҳолисига арзонлаштирилган нархларда ун маҳсулоти тарқатилди. Ҳозирги кунга қадар 269,3 тонна ундан 145,5 тоннаси аҳолига 2900 сўмдан етказиб берилиши таъминланди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан тумандаги камбағал, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож 2248 оилага ҳозирги кунга қадар 5 541,4 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Келиб тушган мурожаатлар асосида ҳар бир маҳаллада кўчма савдо дўконлари ҳам ташкил қилинди. Натижада мева-сабзавот, картошка, ун, ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари доимий равишда аҳоли яшаётган ҳудуд ёки шунга яқин манзилларга етказилмоқда.
Қилинган мурожаатлар ҳамда олиб борилган ўрганишлар натижасида аҳолини кўп вақтлардан бери қийнаб келаётган муҳим муаммолардан бири Гулобод маҳалласи ҳудудида дорихона хизмати мавжуд эмаслигидир. Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ҳудудда аҳоли учун ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди ва зарурий дори-дармонлар, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар етказиб берилиши таъминланди.
Илҳом Муродов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.