Халқ қабулхонаси: “Куз-қиш мавсумига тайёрмиз деб айтолмаймиз”
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши навбатдаги сессиясида вилоят Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев аҳоли мурожаатлари бўйича ахборот бераркан мавсумга тайёргарлик бўйича мурожаатлар кўпайганини қайд этди.
- Олдимизда қиш, ҳаво совуқ бўлади, лекин куз-қишга тайёрмиз деб айтолмаймиз, - деди М.Турдиев. - Бир-икки кунлик ҳаво ҳароратини пасайиши ҳамма нарсани кўрсатди. Вилоятнинг ярмидан кўп ҳудудларида электр энергияси узилишлари, газ, кўмир масаласида кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан кўмир масаласини алоҳида назоратга олишларини сўраймиз. Чунки жойларда аҳоли билан олиб борилган учрашувларда улар кўмирнинг килоси 303 сўм этиб белгиланган бўлишига қарамасдан, 600-700 сўмгача, кукунини 400-450 сўмдан сотилаётганини айтмоқда.
Шундан келиб чиқиб навбатдаги сессияда Самарқанд электр тармоқлари корхонаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ва бошқа масъул идора раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, аҳоли муаммолари ва мурожаатлар билан ишлаш фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилиш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш лозим.
Турдиевнинг маълум қилишича, Самарқанд, Каттақўрғон, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳридан сув, электр энергияси ва йўл масаласида кўплаб мурожаатлар бўляпти. Булар асосан бошлаган ишни охирига етказмаганлигидан келиб чиқмоқда.