Халқ секторларга ишонадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилиш баённомасининг 169-бандида туман (шаҳар)лар сектор раҳбарларининг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш бўйича фаолиятини баҳолаб боришда аҳолининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражасини ижтимоий сўров ўтказиш орқали ҳар чоракда ўрганиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд филиали томонидан жорий йилнинг 3-19 июнь кунлари вилоятдаги барча (1105 та) маҳаллаларда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, “Лидерлар клуби” аъзолари, Ёшлар иттифоқининг жойлардаги етакчилари ҳамда Самарқанд давлат университети Психология ва ижтимоий муносабатлар факультети социология йўналиши талабалари ёрдамида аноним ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Ижтимоий сўровномада жами 1105 та маҳалла раислари ҳамда ҳар бир маҳалладан 10 нафардан, жами 12155 та респондент иштирок этди.

Респондентларнинг 47,8 фоизи аёллар, 5,2 фоизи 16-20 ёш,
17,5
фоизи 21-30 ёш, 26,4 фоизи 31-40 ёш, 21,3 фоизи 41-50 ёш,
17,0 фоизи 51-60 ёшдагилар ва 12,6 фоизи 61 ёшдан ошганларни ташкил қилди.

Сўровномада 2997 нафар ишсиз, 2210 нафар талаба, 1759 нафар пенсионер, 1558 нафар уй бекаси, 1198 нафар педагог, 583 нафар тиббиёт ходими ва 104 нафар ҳарбийлар иштирок этди.

Мазкур ижтимоий сўров орқали жойлардаги аҳолининг ҳокимлик ва сектор раҳбарлари фаолиятидан, мавжуд транспорт, уй-жой коммунал хизматидан, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, электр-энергияси таъминотидан, ички автомобиль йўлларининг сифатидан ҳамда мутасадди ташкилотларга йўлланган мурожаатларнинг кўриб чиқилишидан қониқиш даражаси аниқланди.

Таҳлилларга кўра, респондентларнинг 42,1 фоизи ички автомобиль йўлларининг сифатидан, 36,2 фоизи ичимлик суви билан таъминланиш ҳолатидан, 33,1 фоизи Уй-жой коммунал хизмати туман ва шаҳар бўлимларидан, 26,3 фоизи мавжуд транспорт хизматидан,
19,9 фоизи газ таъминотидан норозилигини билдирди.  

Шунингдек, 24,7 фоизи мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли мурожатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда ижобий ҳал этилиши юзасидан қониқмаслигини билдирди.

Жумладан, респондентларнинг 51,7 фоизи маҳаллий ҳокимлик, секторлар ва мутасадди ташкилотлдарга мурожаат қилган бўлсада,
19,2 фоиз ёки 1099 нафар мурожаатчининг муаммолари ҳанузгача ўрганилмасдан қолмоқда.

Фозилжон АХАТОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Самарқанд вилояти филиали етакчи мутахассиси