Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги сўнгги кунларда турли ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган давлат умумтаълим муассасаларида ўқувчилар учун янги ўқув йилида кийиши лозим бўлган мактаб формаси бўйича ота-оналарга мурожаат қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги қарорига биноан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формаларини мажбурий қилиб белгилаш 2024-2025 ўқув йилидан деб белгиланган.

“Гарчанд, ягона мактаб формасининг мажбурийлиги кечиктирилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб амалда сақланиб қолмоқда”, - дейилади хабарда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб вазирлик янги ўқув йилида давлат умумтаълим мактабларида мактаб формаси сифатида қуйидаги кийим-кечакларни тавсия қилган:

1) ўғил ва қиз болалар учун – тепаси оқ (классик кўйлак), пасти қора (классик шим ва юбка) бўлган кийим;

2) мактаб томонидан аввалги йилларда жорий этилган ва бугунги кунга қадар кийишга яроқлиликни сақлаб қолган форма;

3) Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланган ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формалари.

Хабарда ўқувчиларнинг тавсия этилган вариантлардан ташқари бошқа кийим-кечакларда ҳамда турли бош кийимларда (таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно) мактаб ҳудудида юриши таълим муассасасининг ички тартиб ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига олиб келиши таъкидланган. Мазкур ҳолат таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар ўртасида ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, ХТВ мактаб директорлари томонидан мактаб формасини марказлашган ҳолда олди-сотди ишларини ташкил қилиниши қатъиян тақиқланганлигини яна бир бор эслатиб ўтган.