Халқаро Меҳнат Ташкилоти: Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам беришда "мислсиз самара"га эришди
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2018 йил учун янги ҳисоботини эълон қилди. Унда Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришда "мислсиз самара"га эришгани айтилган. Бу ҳақда ХМТ матбуот хизматига таяниб minbar.uz хабар беряпти.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда пахта етиштириш саноатида мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланиш тугатилган. Бундай хулосага ХМТ тадқиқотчилари 11 мингдан зиёд гувоҳнинг кўрсатмалари асосида келган.
"Ҳукуматнинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган ислоҳотлари самара беришни бошлади, лекин маҳаллий даражада ҳали жуда кўп тўсиқлар мавжуд", – дейилади ҳисоботда.
ХМТ бу борадаги силжишни қўлда терилган пахта учун тўлов миқдори билан ҳам боғлайди. Баъзи қишлоқ аҳолиси учун янги нархлар тирикчилик қилиш имконини берди.
Мазкур ҳисобот 1 апрель куни Брюссель шаҳрида ўтган халқаро конференцияда эълон қилинган. Конференцияда бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, ХМТ, Еврокомиссия, Жаҳон банки вакиллари қатнашган.
Ҳисоботга кўра, ўтган йили пахта теримига чиққанларнинг 93 фоиздан ортиғи мажбуран олиб чиқилмаган. Демак, талабалар, ўқитувчилар, шифокорларни мажбурлашга барҳам берилган. Лекин кузатувчиларнинг фикрича, давлат муассасалари, агентликлар ва корхоналар ходимлари маҳаллий даражада мажбурий меҳнатга ҳамон жалб қилинмоқда. Олдинлари терим пайтида катта муаммо бўлган болалар меҳнати умуман кузатилмаган.
"2018 йилдаги пахта терими Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши муваффақиятли курашда муҳим босқич бўлди. Лекин теримчиларнинг муайян қисми (7 фоизи) пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилинган, бу 170 минг одам дегани", – деб ҳисоблайди ХМТ бош директори ёрдамчиси ҳамда Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хайнц Коллер.