Харажат қисқариб, даромад ортиши учун Чин ўлкаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади
Хитойнинг Қошғар вилоятида одамлар 30 сотих иссиқхонасида тарвуз етиштириб, ҳеч қандай энергия сарф харажатисиз (62 мингта тарвуз донаси 15 доллардан) 3 ойда 90 минг доллар даромад олади, яна қайта экинларни экиш ҳисобига ҳам қўшимча даромад қилади.
Шу йилнинг 21-25 апрель кунлари вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев бошчилигидаги делегация Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони Қошғар шаҳри Шули туманида ўтказилган «Бир камар, бир йўл» кўргазмасида иштирок этди.
Кўргазма якунида сабзавотчилик соҳасида илмий тадқиқот олиб борувчи ва маҳсулотлар етиштирувчи Хитой компанияларининг тақдимотлари ҳамда Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Самарқанд ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликларининг деҳқончилик ва томорқачилик ҳақидаги видеолавҳалари намойиш этилди. Муҳими, кўргазма давомида Каттақўрғон тумани, Қошғар шаҳар Шули тумани ва Вейфан шаҳри Хантин районлари ўртасида уч томонлама битимлар имзоланди.
Бундан ташқари, тарвуз, қовун, помидор, қулупнай ва бошқа маҳсулотларни иссиқхонада етиштириш жараёни ва технологиялари билан танишдик. Ушбу технологиялар асосида "Unell Biotechology CO.LTD" компанияси билан 200 гектар иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга келишилди.
Манзарали дарахт кўчатлари экиш ва парвариш қилиш, замбуруғ етиштириш усулларини бориб кўрдик. “Tash Xinjiang Agricultural Development CO.,LTD” компанияси билан иссиқхонада замбуруғ экиш ва парвариш қилиш бўйича 3 миллион долларлик келишув битими имзоланди.
Хитой Халқ Республикаси Қошғар ва бошқа провинцияларидаги иқлим шароити вилоятимиздаги билан мос келишига гувоҳ бўлдик. Демак, табиий савол туғилади, Хитой миришкорларидан ўрганадиган қандай жиҳатлар бор?
Нима ўрганамиз?
Чин ўлкасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўрганадиганларимиз жуда кўп, деб ўйлайман. Масалан, иссиқхона хўжалиги, ғўза агротехникаси, мева-сабзавот, полиз етиштиришдаги замонавий агротехник тадбирлар.
Умуман, фермер хўжаликларимиз ва тадбиркорларимиз хитойликлар ёки бошқа хорижий давлатлардаги ҳамкасбларидан кам харажат қилиб, кўп даромад олиш, инновацион, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларидан кенг фойдаланиш йўлларини ўрганиши керак.
Хитойда тупроқдаги намни сақлаб қолиш, ташқи омилларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида чигит тўлиқ плёнка остига экилади. Бунда ғўза агротехникасида суғориш ишлари тўлиқ сув тежовчи технологиялар орқали амалга оширилиб, бутун вегетация даврида сув сарфи 45-50 фоизгача қисқариши, қатор орасига, зарарли организмлар ва касалликларга қарши ишлов бериш 1 баробарга камайиши, озиқлантиришда ўғит сарфи 40 фоизгача кам талаб этилиши менда ҳайрат уйғотди.
Хабарингиз бор, бугунги кунда турли қишлоқ хўжалиги экинлари хориж, жумладан, Хитойдан келтириляпти. Савол туғилиши мумкин, бу амалиётнинг ҳосилдорликни ошириш, пировардида, даромад юқори бўлишидан бошқа яна қандай афзалликлари бор?
Хориждан келтириладиган янги уруғларнинг минтақамиздаги мавжуд ўсимликнинг зарарли организмларига ва касалликларига чидамлилиги, унувчанлиги юқор бўлганлиги сабабли экишда уруғ сарфи кам бўлиши, энг асосийси, янги навлар алмашинувига эришилади.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор, бизнингча. Бу бориб-бориб, соҳада бошқаларга муте бўлиб қолишимизга сабаб бўлмаслиги керак. Шу боис хориждан олиб келинган юқори авлодли уруғлардан олимларимиз бизнинг иқлим шароитимизга мос келадиган рақобатбардош навлар яратиши керак. Кейинги босқичда деҳқонларимизга қулай нархларда етказиб беришни ташкил қилсак, тўғри бўлади.
Ҳамкорлик 9 йўналишда бўлади
Хитойдан кўп нарсани ўрганиш, синалган тажрибаларини вилоятимизда кенг қўллаш чоралари кўрилмоқда.
Бунда биринчи навбатда сувдан самарали фойдаланиш тизимига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки вилоятда 260 минг гектар суғориладиган ерга 2389 миллион куб сув сарфланмоқда. Агар сув тежамкор технологияларни жорий қилган ҳолда сув ресурсларидан самарали фойдалансак, иккита Самарқандга етадиган сув манбаларимиз бор.
Иккинчи йўналишда Хитойнинг буғдой етиштириш тажрибаси. Хитой дунёда энг кўп аҳолига эга бўлгани ҳолда ички эҳтиёжларини қондириш баробарида бошқа давлатларга ҳам буғдой етказиб бераётганлиги ҳар қандай онгли инсонни қойил қолдиради.
Бундан ташқари, сабзавотчилик ва пахтачиликда ҳам хитойлик миришкорлар тажрибасини оммалаштириш режалаштирилмоқда. Таққослаш учун айтиш мумкин, вилоятда 73,3 минг гектар майдонда пахта экилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 30-35 центнерни ташкил этади. Хитой тажрибасида эса 70-80 центнер экан.
Аслида Хитой томорқачилиги алоҳида мавзу. Қошғар ҳудудидаги ерларга нисбатан бизнинг ерларимиз унумдорлиги жуда яхши, шундай бўлса-да, улар биздан 10 карра кўпроқ даромад олаётганлигига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, 30 сотих иссиқхонада тарвуз етиштиришда ҳеч қандай энергия сарф харажатисиз (62 мингта тарвуз донаси 15 доллардан) 3 ойда 90 минг доллар даромад олаётганлиги, яна қайта экинларни экиш ҳисобига ҳам қўшимча даромад қилишяпти.
Томорқачиликни ривожлантириш бўйича Хитой тажрибасини жорий қилиш учун вилоятимизга 110 нафар раҳбар-мутахассис таклиф қилиняпти. Улар 2 йил давомида ер участкаларидан қандай ва қанча даромад олишни ўргатиши кўзда тутилган.
Хитойда канакунжутдан ипак қурти боқиш йўлга қўйилган, ушбу тажрибани ҳам вилоятда жорий қилиб, канакунжут дарахт кўчатларини экиш, ипак қурти боқишни эксперимент тариқасида йўлга қўйиш режалаштирилган. Бир йилда саккиз мартагача ипак қурти етиштирадиган Чин ўлкасидаги ҳамкорлар билан ипак қурти уруғини етиштириш, боқиш ва қайта ишлаш бўйича пиллачилик кластери ташкил этилади.
Ҳамкорликнинг еттинчи йўналиши паррандачилик, кейингиси эса чарм-пойабзал бўйича. Паррандачилик бўйича тўхталиш шартмасдир, лекин юртимизда мавжуд тери ва жун маҳсулотлари хомашё сифатида (арзон нархларда) Туркия ҳамда бошқа давлатларга сотилиб, тайёр маҳсулот сифатида ўзимизга қайта сотилаётганини кўпчилик билмаса керак. Шу боис Хитой ишбилармонлари билан чарм-пойабзал ва терини қайта ишлаш кластерини ташкил қилиш таклифи илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, Нарпай туманида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида 180 гектар ер майдони ажратилган. Танланган ер майдони халқаро аҳамиятдаги автомобиль ва темир йўл бўйида жойлашган бўлиб, барча зарур инфратузилма ва коммуникация тармоқлари мавжуд.
Бу ерда Хитой компанияларини жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш саноат паркини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг барча йўналишлари бўйича техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, юртимиз бўйлаб қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш ва сервис хизмати кўрсатиш бўйича йирик марказ пайдо бўлади.
Аброр Раббимов, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.