Хасталик эрта аниқланса, унинг давоси ҳам самарали бўлади
Филиалнинг ўттизга яқин олий тоифали шифокорлари уч гуруҳга бўлинган ҳолда туман марказий поликлиникаси, қишлоқ оилавий поликлиникаларида муқаддам ўсимтали хасталиклар билан оғриган беморларни тиббий кўрикдан ўтказди. Аҳоли хонадонларига кириб, улар билан профилактик суҳбатлар олиб борди.
– Аниқланаётган онкологик хасталикларнинг аксарияти аёллар кўкрак бези саратони билан боғлиқ, – дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали директори, профессор М.Жўраев. – Афсуски, бу хасталик бошланғич даврда аниқлансагина, даволаш имкони бўлади. Шу боис жойларга чиқиб, бу каби тадбирларни ўтказяпмиз.
Саратон хасталигига гумон қилинган фуқаролардан тиббий таҳлил учун намуналар олиниб, уларга тавсиялар берилди. Уч юз нафардан ортиқ фуқаролар профилактик кўрикдан ўтди.
Орифжон ОДИЛОВ.