Хонликнинг Жомдаги сўнгги масжид-мактаби

Ёхуд эътибордан четда қолган бир ёдгорлик тарихидан

Aштархонийларнинг қудратли ва қатъиятли ҳукмдори Убайдуллахон-2 ҳукмронлиги йиллари (1701-1712) хонликнинг сўнгги юксалиш даври бўлди. Маърифатли ҳукмдор бўлган бу шахс, ички сиёсий парокандаликни тугатиш, мамлакатнинг олдинги қудратини тиклаш учун тинмай ҳаракат қилди. Бу йўлда у яқинлари, ўзбошимча оқсоқоллар, бўйсунмас бекларни ҳам аяб ўтирмади. Унинг мамлакат иқтисодиётини юксалтириш учун 1708 йилда ўтказган пул ислоҳоти муваффақиятсизликка учради. Тангадаги кумуш таркиби 35 фоиздан 9 фоизга туширилди. Бу эса пулнинг тўрт бараварга қадрсизланишига олиб келди. Бунинг оқибатида деҳқонлар, ҳунармандлар ва савдогарларнинг кескин норозилиги кучайиб, фитнакорлар учун айни муддао бўлган қўзғолон кўтарилди. Чунки ҳукмдор мамлакатда дунёвий илмларни ривожлантириш, маълум миқдорда динни чеклаш, мамлакат ҳаётида тенгсиз қудратга эга, шайхулислом лавозими вакиллари Сомонийлар давридан бери ушбу вазифани эгаллаб келаётган Жуйбор шайхлари (Нақшбандийлик тариқатининг вакиллари) солиқ ва бир қанча имтиёзлардан маҳрум этилгани дин мутассибларининг кескин қаршилигига учради.

Давлат лавозимига ҳунарманд ва савдогарлар болаларининг олиниши, инсонни жамиятда тутган мавқеидан қатъи назар унинг иқтидорига билим ва ҳаракатига қараб юқори мансабларга қўйилиши тамомила Убайдуллахон-2 учун фожиа бўлди. Фитнага унинг укаси Aбдулфайзхон бошчилик қилди. 1712 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги "Пири Мирза" чорбоғида ҳукмдорга суиқасд уюштирилди ва Убайдуллахон-2 31 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.

Шу билан Бухоро хонлигининг сўнгги шамчироғи сўнди. Бу ҳақида Aмин Бухорийнинг "Убайдулланома" асарида кенг баён этилган.

Бир сўз билан айтганда, ўз замонасининг фан ва таълим соҳасида туб бурилишлар ясаб, ислоҳотчи ҳукмдор сифатида тарих зарварақларига муҳрланган Убайдуллахон-2 ҳукмронлиги даврида “Хонобод” чорбоғи ҳамда бир қанча мадрасалар қурилди, масжидлар таъмирланди. Чекка овулларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, масжидлар қошида 6-7 ёшдаги болалар учун кичик ва ихчамгина мактаблар ташкил этилган ва бу ерда улар 5-8 йил давомида бошланғич таълимни олганлар (бу ҳақда Юсуф Муншийнинг "Тарихи Муқумхоний" асарида кетириб ўтилади).

Сўзимиз далили сифатида Нуробод туманининг Жом қишлоғидаги Омондара маҳалласида жойлашган, халқ тилида "Чунқаймиш масжиди" номини олган мактабни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қурилиш услубига кўра, унга ёндош бўлган Тегирмонбоши маҳалласида XVIII асрга оид “Эски масжид" номини олган иншоотни такрорлайдиган ушбу бино марказида жойлашган устунда "Уста Aбдусаттор томонидан қурилган", деган ёзув бор. Бу ёзув ҳар иккала ёдгорликда ҳам учарайди. Тарихчи-архитектор Абдуманнон Ёрқуловнинг таъкидлашича, шундай хулосага келиш мумкинки, бу иккала масжид-мактаб ҳам бир вақтда ва бир уста томонидан барпо қилинган. Деворларининг қалинлиги бир метрдан ошадиган бу иморатни шу қадар мустаҳкам барпо этишганки, асрлар мобайнида қанчадан қанча ёмғир, довулларга дош бериб келмоқда. Мазкур масжид-мактаб Бухоро хонлиги даврида илм-маърифат ва маданият маркази бўлган ҳамда болаларга бошланғич таълим берилган. Бу ҳақда қишлоқ нуронийлари ҳам ота-боболаридан эшитган воқеалардан сўзлаб беришди. Бу масжид-мактабда бошланғич таълимни олган айрим кишилар Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бориб, йирик мадрасаларда таҳсилини давом этиришган. Aмирлик даврига келиб, мазкур масжид ва мактабнинг роли янада ортди ҳамда диний сиёсий масканга айланди. Чор Россиясининг юртимиз тупроқларига босқинидан сўнг бу масжид-мактаб ўзининг қишлоқ ҳаётидаги олдинги мавқеини йўқотиб борди, 1917 йилги октябрь инқилобидан сўнг бу мактабда таълим бериш буткул тўхтатилди. Қадимий илм маскани энди хўжаликнинг дон, сут-қатиқ сақлайдиган омбори, дўкон, ошхона вазифаларини ҳам ўтади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг бу ердан маиший хизматлар учун фойдаланиш тўхтатилган бўлса-да, бино бугунгача эътибордан четда қолиб, хароба масканга айланган.

Айтмоқчи бўлганим, яқин ўтмишимиз дурдонаси бўлган бундай иморатларни сақлаб қолиш ва уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эмасми? Бунга масъуллар нима дейди?

Илҳомжон БОТИРОВ,

Нуробод тумани, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор.