Хориж воқеалари қисқа хабарларда: АҚШ Конгресси БМТдан чиқишни таклиф қилмоқда. Зеленский Америка ёрдамисиз Украина мағлубиятга учрашини айтди. Тадбиркор мавжуд бўлмаган iPhoneни сотиш орқали 35 миллион доллар ишлади
🔹 Юк кемасига ҳутийлар ҳужумидан сўнг Қизил денгизда 18 миллик нефть пардаси пайдо бўлган. Гап шундаки, 41 минг тоннадан ортиқ ўғит олиб кетаётган Американинг Rubymar юк кемаси ҳужумга учраган. Айтилишича, ўғит тўкилиши минтақада экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин.
🔹 Қўшма Штатлар Россия Федерациясига қарши санкциялар пакети Навалний ўлимидан олдин тайёр бўлганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ Россия активларини мусодара қилиш вариантларини ошкор қилди. Ғарб Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш бўйича "ғоялар тўплами"ни ўрганмоқда. “Биз буни ўрганишда давом этамиз. Чунки принципиал жиҳатдан биз Кремлга юбормоқчи бўлган хабар шу: Украина ўз иқтисодиётини қўллаб-қувватлашда давом этиши учун зарур бўлган ресурсларни олади”, деди АҚШ молия вазирининг биринчи ўринбосари Уолли Адеемо.
🔹 Суд Трампнинг жаримасини деярли 100 миллион долларга оширди. АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг ўз ташкилотидаги фирибгарлик бўйича тўлаши керак бўлган жами жарима миқдори 454 миллион долларни ташкил этади.
🔹 АҚШ Конгресси БМТдан чиқишни таклиф қилмоқда. Қўшма Штатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмаларини молиялаштиришни тўхтатиши ва бу уюшмани тарк этиши керак. Бу ҳақда Америка Конгресси вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан аъзоси Метт Гаец айтган.
🔹 Трампнинг фикрича, АҚШ президенти Жо Байден жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган умумий сайловларга етмаслиги мумкин. Байден 2023 йил ноябрида 81 ёшга тўлди. У тез-тез ноқулай вазиятларга тушиб, ўз оммавий чиқишларида турли хил изоҳлар бермоқда. Республикачилар бундан давлат раҳбарининг ақлий ва жисмоний имкониятларини ва мамлакатни бошқаришда давом этиш қобилиятини шубҳа остига олиш учун курашда фойдаланмоқда.
🔹 Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ сенаторлари делегациясига Америка томони яна ёрдам кўрсатмаса, Украина Россия Федерацияси билан қарама-қаршиликда мағлубиятга учрашини айтди.
🔹 Вена суди ёлғон кўрсатма берганликда гумон қилинган Австрия собиқ канцлери Себастян Курц иши бўйича якуний ҳукм чиқарди. Унинг федерал канцлерликдаги шериги Бернхард Бонелли олти ойлик муддат билан қутулган. Курц 2020 йилда ишончли вакили Томас Шмидтни ÖБАГ инвестиция компанияси директорлар кенгашига тайинлашда иштирок этмаганлигини айтиб, ёлғон гувоҳлик берган. Бироқ, собиқ канцлер ўз ҳамкасбига "хоҳлаган нарсасини" беришга ваъда берган СМС билан "қўлга тушган".
🔹 Эронда тадбиркор мавжуд бўлмаган смартфонларни сотиш орқали 35 миллион доллар ишлаб топди. Kourosh компанияси ва унинг асосчиси Амир Ҳусайн Шарифиан 10 миллионлаб долларлик iPhone смартфонларини сохталаштиришда айбдор деб топилган.