Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Исроил Рафаҳда кенг кўламли ҳужум бошлади
🔹 АҚШнинг Москвадаги элчиси Лин Трейси “Севастополдаги террорчилик ҳужуми” туфайли ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Элчига Қримдаги теракт учун АҚШ Киев билан бирдек масъул эканлиги айтилди. Россия, шунингдек, Киевнинг Россия ҳудудига зарбаларини рағбатлантиргани учун АҚШга жавоб чораларини кўриш ниятида.
🔹 Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига йирик зарбалар бермоқда. Нетаньяҳунинг айтишича, Рафаҳдаги жангларнинг "интенсив босқичи" якунланишига яқин, аммо бу уруш тугашини англатмайди. У ҲАМАС ҳукуматдан бутунлай четлаштирилмагунча давом этади. Ғазода ҳалок бўлганлар сони 37 598 кишига етди.
🔹 Франция президенти Эммануэль Макрон парламент тарқатиб юборилганидан кейин ва шу фонда истеъфоси зарурлиги ҳақидаги баёнотлардан сўнг ўз мандатини 2027 йилгача бажаришга ваъда берди. Эълон қилинган матнда давлат раҳбари ҳукуматнинг кузда истеъфога кетишига йўл қўймаслик учун Миллий Ассамблеяни тарқатиб юборишга мажбур бўлганини тушунтиради. Макрон, шунингдек, яқинда Европарламентга бўлиб ўтган сайловларда Уйғониш даври президентлик блоки “оғир мағлубиятга” учраганини тан олди.
🔹 Агар Россия КХДРга қурол етказиб берса, Жанубий Корея Украинага қурол бериши мумкин. Бу ҳақда Кореянинг телеканалида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чан Хо-жин маълум қилди. Бир неча кун олдин Сеул Украинага эҳтимолий қурол етказиб бериш бўйича ўз позициясини қайта кўришга тайёрлигини маълум қилди. Бунга Россия ва Шимолий Корея ўртасида стратегик шериклик шартномаси имзолангани сабаб бўлган.
🔹 Япония ҳукумати Доғистондаги терактлар фонида ўз фуқароларини Россияга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди. Аввалроқ Қирғизистон ватандошларини Россияга саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишга чақирган эди.
🔹 AFP статистик маълумотларига кўра, жорий йилда Саудия Арабистонида асосан жазирама туфайли турли миллатга мансуб 980 нафар зиёратчи ҳалок бўлган. Асосан улар тартибга риоя этмагани айтилмоқда.
🔹 АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, инаугурациясигача Украинадаги можаронинг тинч йўл билан ҳал этилишига эришишини айтди. Шунингдек, у учинчи жаҳон урушининг олдини олишга ваъда берди.
🔹 Европа Иттифоқи Кенгаши Россия Федерациясига қарши Россиянинг энергетика, молия ва савдо соҳаларига қаратилган 14-санкция пакетини тасдиқлади.
🔹 Суд 20 йилдан бери ўлим жазосини кутган америкаликни бегуноҳ деб топди. 1977 йилда содир этилган қотилликда ўзининг айбсизлигини исботлашга 20 йил давомида ўлим жазосини кутиш билан ўтказган америкаликка қарши айбловни бекор қилди. CNN маълумотларига кўра, ҳозир 68 ёшда бўлган Кук 1973 йилдан бери Қўшма Штатларда ўлим жазосидан оқланган 199 кишидан биридир.