Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Нефт нархи тушмоқда. Грузияда сиёсий танглик. Туркияда фаррош йигит ҳисоб рақамига тасодифан тушган етти миллион долларни банкка қайтарди

🔹 Исроилнинг Эрон ҳудудига чекланган зарбалари нефть нархининг тушишига олиб келди. Brent нефти бир баррели учун 72,92 долларга тушиб, 3,13 долларга (4,1%), WTI эса 68,63 долларга тушиб, 3,15 долларга ёки 4,4 фоизга тушган.

🔹 Ироқ Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш учун ҳаво ҳудудидан фойдалангани юзасидан БМТга шикоят қилди. Мамлакат ҳукумати БМТ Бош котиби Хавфсизлик Кенгашига Исроилнинг Ироқ ҳаво ҳудуди ва суверенитетини очиқдан-очиқ бузиши, шунингдек, Ироқ ҳаво ҳудудидан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланишини қоралаган ҳолда расман шикоят юборган.

🔹 Арманистон 2025 йилда мудофаа харажатларини сезиларли даражада ошириб, бу соҳага 664,7 миллиард драм ажратмоқчи, яъни барча капитал харажатларнинг 55,8 фоизи мудофаага йўналтирилади. Бу 2024 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Ҳиндистон Арманистон билан ракета тизимлари ва бошқа илғор ускуналарни етказиб бериш бўйича кўп миллионли шартномалар тузиб, йирик етказиб берувчилардан бирига айланди.

🔹 Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда ўтказилган парламент сайловлари натижаларини тан олмади. Унинг таъкидлашича, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси овоз бериш натижаларини сохталаштирган. Президент мухолифатни намойишга чиқишга чақирди. Мамлакатда 26 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг сиёсий таранглик кучайди, унда мухолифат танқидига қарамай, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси энг кўп овоз олган.

🔹 Эрон, Исроилнинг мамлакатга ҳужумидан сўнг, ҳарбий доктринани ўзгартирмоқчи ва ядровий қурол ишлаб чиқмоқчи эмас. 26 октябрга ўтар кечаси Исроил Эронга зарба берди. Исроил ҳарбий нишонларни кўзлаган. Теҳрон икки аскари ҳалок бўлгани ҳақида айтган. Зарбанинг эртаси куни Эрон Ғарб давлатлари билан мулоқотга тайёрлигини билдирди. Экспертлар фикрича, Ғарбга қаратилган бу хабар Эроннинг ташқи сиёсий можароларни тенг мулоқот ва шарт қўйишдан бош тортиш йўли билан ҳал қилиш истагини акс эттиради, дейилади "Financial Times"да.

🔹 Илон Маск агар Трамп ғалаба қозонса, АҚШ бюджети харажатларини 2 триллион долларга қисқартиришга ваъда берди. АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрга белгиланган.

🔹 Испаниянинг Хайме I университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, Европа уйларида кенг тарқалган газ плиталари ҳар йили 40 мингга яқин ўлимга олиб келади. Улардан азот диоксиди ажралиб чиқиши мумкин, бу нафас олиш касалликларини ривожлантиради ва эрта ўлим хавфини оширади.

🔹 Тежамкорлик доирасида Volkswagen Германиядаги камида 3 та заводни ёпмоқчи ва шу орқали ўн минглаб иш ўринларини қисқартирмоқчи.

🔹 Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича музокаралар қайта бошланди. Бугунги учрашувда АҚШ, Исроил ва Қатардан юқори мартабали музокарачилар иштирок этмоқда. Бу орада Исроилнинг навбатдаги ҳаво ҳужуми оқибатида камида 11 фаластинлик ҳалок бўлган. Мактаб ўққа тутилган. Ал-Жазира телеканалига кўра, ҳалок бўлганлар орасида уч нафар журналист ҳам бор.

🔹 Туркиянинг Измир шаҳрида яшовчи одам номаълум шахслардан ўз ҳисоб рақамига қўйилган етти миллион долларга яқин пулни банкка қайтариб берди. Фаррош йигит Ўзкан коммунал тўловларни тўлаш учун мобил банк иловасига кирганида ҳисобида 23 миллион лирадан (6,7 миллион доллар) кўпроқ пул кўриб, ҳайратда қолди. "Осмондан тушган" пулни банкка қайтарди. Бу пул унга қаердан тушганини сўраганда банк ходимлари жавоб беришмади.