Хорижда сайёҳларга нима таклиф этишади? бизда-чи?
Колорадонинг асосий қисмини тоғлар эгаллаган. Ўтган асрнинг сўнгги йилларида табиатни муҳофаза қилувчи жамиятлар саъй-ҳаракати билан туризм объектлари барпо этилган. Натижада ҳозирда штатга йилига 40 миллиондан кўпроқ сайёҳ келмоқда.
Колорадо АҚШнинг энг йирик чанғи учиш масканларидан бири бўлиб, деярли ярим йил бу комплекслар фаол ишлайди. Октябрь ва март ойларида сунъий қор йўлакларининг барпо этилиши чанғи учиш мавсумини узайтиради. Мавсумнинг очилиши катта тантаналар билан бошланади. Чанғи учиш билан боғлиқ барча инфратузилма жонланади. Савдо-маиший хизмат кўрсатиш фаолияти жадаллашади.
Кистоун ва Вейл шаҳарларидаги чанғи учиш комплексларида қулай автомагистраль, арзон меҳмонхоналар, чанғи учишни ўргатишнинг бепул курслари мавжудлиги ва машиналарни сақлаш жойларининг текинлиги кўпчиликни жалб этади.
Гленвуд спрингс шаҳарчасида иссиқ сув булоқлари тоғ ён бағирларидан йирик бассейнларда йиғилади. Шифобахш иссиқ булоқ сувлари бутун америкаликларни мафтун этади ва ўзига чорлайди.
Аспен шаҳри эса тоғда жойлашган бўлиб, Америкадаги 10 та энг қиммат шаҳарлардан бири ҳисобланади. Кичик шаҳарчада 2 та аэропорт фаолият юритади. Бу ерда сайёҳларни йил давомида узлуксиз жалб қилиш мақсадида ҳар ҳафта турли тадбирлар ўтказилади. Крисмас ва Янги йил байрамлари арафасида чиройли безалган уй-жой конкурслари ўтказилади. Арча дарахтлари, уйларнинг фасад томони электр чироқлари ва ўйинчоқлар билан безатилиб, байрамларга бағишланган тадбирлар ўтказилади.
Олимпиада, ҳар хил спорт мусобақаларида қатнашувчиларга тайёргарлик кўриш учун йирик спорт комплекслари барпо этилган. Қалин музлаган сув омборларида енгил автомашиналар учун ҳар хил мураккаб йўл ҳаракати мусобақалари ташкил этилади.
Қор эриб, ҳаво исигандан кейин ҳам колорадоликлар сайёҳларнинг бу ерни тарк этмасликлари учун турли тадбирлар ўйлаб топишган. Масалан, аэростат (сунъий ҳаво шарлари) мусобақалари, велосипед пойгалари, эксклюзив автомашиналар марафонлари, узоқ масофали марафонлар шулар жумласидандир. Шунингдек, байдарка, каноэ каби сув қайиқларида тоғдан сув омборларига қараб сузиш, ҳақиқий адреналин ишқибозлари ва альпинистлар учун тоғ чўққиларини забт этиш мусобақалари бошланади.
Кузда ҳам кўнгилочар тадбирлар тўхтаб қолмайди: оилавий марафон, балиқ, кийик, курка, қуён овлашга рухсат берилади. Булардан келган даромад эса штат бюджетининг муҳим қисми саналади.
Маълумотларга қараганда, Колорадога келаётган сайёҳларнинг асосий қисми европаликлар. Масалан, 2017 йилда 35 миллион россиялик чет элга саёҳат қилган бўлса, улардан салкам 1 миллиони океан ошиб, Колорадога борган. 4 миллион киши Туркияда дам олган бўлса, атиги 100 минг россиялик Ўзбекистонга келган.
Айнан россияликларни мисол сифатида бежиз келтирмаяпмиз. Чунки юртимизда сайёҳларга етарли шароит яратсак, айрим хизматларни арзон ва ҳатто, бепул кўрсатишни йўлга қўйсак, бизнинг асосий мижозимиз россияликлар бўлиши аниқ. Чунки уларда саёҳатга, айниқса, юртимизга келишга иштиёқ кучли.
Бугун Ўзбекистонда туризм потенциалининг мавжудлиги уни ривожлантириш захиралари катталигини кўрсатиб турибди. Туризм соҳасини Ўзбекистонда янада ривожлантириш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз:
– саёҳатчилар учун мўлжалланган кичик, ўрта ва катта автобусларни ишлаб чиқариш ва унда барча қулайликларни яратиш, енгил иситиш ва совутиш мосламалари, газ ёки электр плиталари билан жиҳозлаш лозим;
– Зарафшон дарёси ёқаларида, сув омборлари атрофида ҳар хил кўнгилочар тадбирларни йўлга қўйиш керак;
– тарихий обидаларни томоша қилиш билан бирга, қадимий ҳунармандлик ҳудудларини ташкил этиб, экскурсиялар дастурини тузиш лозим. Масалан, Галаосиёда 2-3 та қадимги усулдаги тегирмон ўрнатиб, буғдойдан ун қилиб, нон пиширишгача бўлган жараённи ўз ичига оладиган майда корхонани ташкил этиш мумкин. Кулолон маҳалласида кулолчилик, Заргарон маҳалласида заргарлик, зардўзларнинг маҳоратини кўрсатиш керак.
Шунингдек, шифобахш ўсимликларни етиштириш, териб олиш, театрлаштирилган кўпкари майдонларини яратиш мумкин. Катта автобуслар ичида оила ва кичик гуруҳлар учун кўчувчи меҳмонхоналарни йўлга қўйиш, экология, этнография, гастрономик туризм йўналишларини кенг ривожлантириш хорижлик сайёҳларда юртимизга янада қизиқиш уйғотиши аниқ.
Ахтам НИЗОМОВ,
СамДУ доценти, иқтисод фанлари номзоди.