Хотин-қизлар қўмитаси икки ўт орасида қолдими ёки зўравонликка қарши ким курашиши керак?
Келинни уриш воқеаси тармоқларга тарқалиб кетишининг ўзи ўша оила, аёл учун ҳатто тан жароҳатидан ҳам оғирроқ зарба, аслида. Аммо гап бу ҳақда эмас. Яқинда шу мазмундаги тарқалган видеодаги воқеалар хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўрганилди.
Аммо ушбу видео олинганига бироз вақт ўтган, иштирокчилар бу воқеани қарийб унутган ва келин қайнона аллақачон ярашиб, ҳеч нарса юз бермаётгандай тотув яшашда давом этаётган экан. Яъни, ҳолатни ўрганувчи ташкилот худди шундай хулосани бермоқда. Даъво қилинмагани учун ушбу воқеани содир этганларни жазолаш имкони йўқ. Лекин қизиқ томони шундаки, нега тайёр факт, асос бўла туриб, иш судга оширилмайди?
Тўғри, бу масалада хотин-қизлар қўмитаси даъвогар бўлиб чиқиши мумкин. Аммо хотин-қизлар қўмитасининг яна бир муҳим вазифаси оилаларни яраштириш, муросага келтириш, бир сўз билан айтганда, ажралишларнинг олдини олиш. Шу масалада олиб борилган ишлар бўйича ҳисобот ҳам тайёрлайди, ҳатто.
Менталитетимиздан келиб чиқадиган бўлсак, агар юқоридаги ҳолат бўйича иш очиладиган бўлса, оилага совуқчилик тушади, келин яна бир бор оиладагиларнинг кўзига ёмон кўриниб қолади (тан олайлик, бу вазиятда ҳам урган эмас, урилган одам яна айбдор бўлиб қолади). Бу ҳолатни тушунган хотин-қизлар қўмитаси оиладаги тинчликни асраш мақсадида бу оиладан доимий хабардор бўлиш вазифасини зиммасига олиб, “оилада нималар бўлмайди” қабилида уларнинг яхши яшаб кетишига тилакдошлик қилишдан ўзга чораси қолмайди. Тўғрисини айтиш керак, кўпчилигимиз шундай йўл тутардик ва бошқача қадамни ҳатто нотўғри ҳисоблаймиз. Лекин биз зўравонликка қарши кураш бўйича жиддий ислоҳотлар арафасидамиз. Бунга аллақачон қадам ташланди.
Ўтган йили мамлакатимизда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу ҳазилакам гап эмас. Аммо унинг ижросичи? Хўш, бирининг оиласига совуқчилик тушади, бошқасининг оиласи бузилиб кетади, дея бу қонунни четлаб ўтиш керакми? Умуман ким шуғулланади бу масала билан?
Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бандлик, ички ишлар, таълим, соғлиқни сақлаш идоралари, фуқороларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат тузилмалар, жумладан, хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланган.
Мисол учун, ички ишлар органларининг қатор вазифалари баробарида тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш, ҳимоя ордерини беради, зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради каби бандлар ҳам белгиланган. Унда юқоридаги ҳолатда нега ички ишлар органлари ўз вазифасини бажармади?
Ёки албатта, видеодаги зўравонлик фожиа билан тугаши керакмиди? Менталитет дегани зўравонлик дегани эмас. Буни йўқотиш учун Қонун қабул қилинган. Унинг ижроси амалга ошмас экан, зўравонликни йўқотиш масаласи қоғозларда қолиб кетавермайдими?
Гулруҳ МЎМИНОВА.