Хотин-қизларни ўқитишнинг 70 фоизи кимларга қоплаб берилади? Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар борасидаги янги қарорда бир қатор йўналишлар кўзда тутилган

Давлатимиз раҳбарининг 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш ҳамда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат қилиш ва даромад топиши учун уларга тенг имкониятлар яратади.

- Ушбу қарорда 2022 йил 1 июлдан маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизими босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланди ҳамда ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби таркиби тузилди, - дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бахриёр Рафеев. – Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш белгиланди.

2022 йил 1 ноябргача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари хонадонлар аҳволи, оилаларнинг ижтимоий хизматларга эҳтиёжи, оилаларга аниқ ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича маълумотлар, мураккаб операцияларга, ногиронларнинг протез-ортопедия буюмларига эҳтиёжи бўйича буюртмалар тўғрисидаги маълумотларни ҳар 2 ҳафтада ҳудудий штабга киритади. Бу маълумотлар умумлаштирилган ҳолда 2 кунда мувофиқлаштириш штабига юборилади. Келиб тушган маълумотлар асосида 3 кунда ҳақиқатда ижтимоий хизматга эҳтиёжманд бўлган оилаларга ҳудудий штаб аъзоси томонидан манзилли ижтимоий хизмат кўрсатилиши ташкиллаштирилади.

Қарорда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар бандлигини таъминлаш назарда тутилган.

- 2022-2023 йилларда республика бўйича жами 827 минг 780 нафар, шундан жорий йилда 383 минг 565 нафар хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш назарда тутилган, - дейди Бахриёр Рафеев. - 2022 йил 1 ноябрдан республиканинг барча маҳаллаларида “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.

Меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган хотин-қизларни касбга ўқитиш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 баробаридан ошмаган миқдори давлат томонидан қоплаб берилади.

Вилоятимизда ушбу қарор асосида маҳаллаларда муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш ишларини комплекс ташкил қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига “оилабай” ёндашув тизимини жорий этиш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сони ва сифатини ошириш ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш йўлга қўйилади. Бошқармамиз шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модулининг самарали ишлашини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига янги тизим асосида ижтимоий хизмат кўрсатишни маҳалла даражасида мувофиқлаштириб боради.

Бунда меҳнат бозорининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари асосида хотин-қизларни касбга ўқитиш учун келгуси йилнинг I ярим йиллиги учун ҳар йили декабрга қадар, II ярим йиллиги учун июнь ойига қадар давлат буюртмасини шакллантириш талаб этилади. Июнь ва декабрь ойларида оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят бандлик бош бошқармаси, вилоят халқ таълими бошқармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф, академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи курс ўқувчи қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириб бориши назарда тутиляпти.