ХТВ ўқувчиларнинг ўрнатилган тартибдаги кийимсиз мактабга киритилмаслиги ҳолатига изоҳ берди

Мактабларда ўқувчиларни ўрнатилган тартибдаги кийимда келмаганлиги учун ўқув муассассасига киритилмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Таъкидлаш лозимки, ўқувчининг ташқи кўринишига қўйилган талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Халқ таълими вазирлигининг 2013 йил 28 февралдаги “Умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида”ги, 2012 йил 7 июндаги “Умумий ўрта таълим мактабларининг ички тартиб қоидаларини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруқлари билан белгиланган.

Ўқувчилардан мазкур талабларни бажариш талаб этилади. Ота-оналар эса талабларнинг бажарилишини назорат қилишлари лозим.

Шуниндек, мазкур талаблар бажарилмаганида ўқувчиларни мактаб ҳудудига ёки дарсга киритмаслик бўйича ҳужжатда ҳеч қандай банд кўрсатилмаган.

Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш ёки ташқи кўриниш тартибига риоя қилмаслиги таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш, деб баҳоланади. Бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

• огоҳлантириш;

• кундалик дафтарига қайд этиш;

• тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишда, ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрнатилган талабларга риоя қилиш бўйича жойлардаги масъулларга кўрсатмалар берилди.