Хусусий боғчага фақат пулдорларнинг болалари борадими?

Тойлоқнинг Сочак маҳалласидаги хусусий мактабгача таълим муассасасига келганимизда фарзандини боғчадан олиб кетаётган ота-онага дуч келдик.

- Ўғлимизни мактабдаги тайёрлов гуруҳига бермоқчи эдик, кўнмади, - дейди боланинг отаси. – Қолаверса, биз ҳам унинг ўқишни боғчада давом эттириши тарафдоримиз. Бу ерда мактабгача тайёрлов гуруҳлари учун хорижий тиллар, ментал арифметика ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Тўғри, бадал пули бироз қиммат. Лекин фарзандимизнинг келажаги биз учун муҳим.

Сўраб билсак, боғчада бир нафар бола учун тўлов 1 миллион 200 минг сўмни, икки нафар фарзандини берганлар учун эса ҳар бирига 1 миллион сўмни ташкил этаркан.

Боғчага кириб, ундаги шароит ва таълим-тарбия жараёнини кўздан кечирдик. Тарбиячи Зарифа Баҳронованинг айтишича, бу ерда битта гуруҳга 15 нафар бола қабул қилинар экан. Агар бир ёшдаги болалар гуруҳида болалар сони 15 нафардан ошса, унда тарбиячига яна бир ёрдамчи бириктириларкан. Эътиборли жиҳати, боғчада тарбиячининг ёрдамчиси фаррошлик қилмайди, бунинг учун алоҳида ходимлар бор. Яъни, бир гуруҳдаги 15 нафар бола билан ҳам тарбиячи, ҳам унинг ёрдамчиси шуғулланади. Натижа ҳам шунга яраша, албатта.

- Бу боғчага қўшниларимнинг фарзандларини олиб кетиш учун келаман, - дейди Боғи Чинор маҳалласида истиқомат қилувчи Самижон Аҳадов. – Икки неварам давлат боғчасига қатнайди. Шу боис йўл-йўлакай болаларни саволга тутиб, билими, зеҳнини невараларимники билан солиштиришга ҳаракат қиламан. Албатта, бу ерда болаларга эътибор кучлироқ. Уларнинг тез фикрлаши, бераётган саволлари баъзи катталарни ҳам шоштириб қўяди.

Давлат билан шерикликда...

Тумандаги “Ширинтой болажонлар” давлат-хусусий шерикликдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 75 ўринга мўлжалланган. Асосийси, бу муассасада 6 нафар педагог, 3 нафар ёрдамчи ва алоҳида методист ишлайди. Яъни, 25 нафар боладан иборат 3 гуруҳга 2 нафардан тарбиячи ва 1 нафардан ёрдамчи тўғри келади.

Рус тилига ихтисослаштирилган мазкур боғчага ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари имтиёз асосида қабул қилинган экан. Болажонлар бунда давлат дастуридаги машғулотлардан ташқари таэквондо спорти, мусиқа ва инглиз тили тўгаракларига жалб қилинади.

- Мен мактабгача ёшдаги болалар гуруҳи билан ишлайман, - дейди олий маълумотли тарбиячи Наргиза Равшанова. – Машғулотларни асосан рус тилида ўтамиз. Ўзлаштиришида муаммо бўлаётган болалар билан алоҳида ишлаймиз. Бу ёшда улар мустақил бўлишга ўрганиши керак. Шу боис уларга турли ўйинлар орқали кунни қандай тақсимлаш, кўча-кўйда ўзини қандай тутиш, бўш вақтни қандай ўтказиш кераклигини ҳам ўргатиб борамиз.

Муассасадаги шароит диққатга сазовор. Асосийси, ота-оналардан олинадиган тўлов миқдори ҳам унчалик қиммат эмас: оддий оила учун 600 минг сўм, ижтимоий дафтарда турган оила фарзандлари учун 150 минг сўм. Бу фарзандингиз мактабгача бўлган даврда рус ва инглиз тилларини ўрганиши, спорт билан шуғулланиши учун сармоя ҳисобланади. Бироқ буни барча ота-оналар ҳам тушунмайди. Имконияти бўлса-да, турли баҳоналар билан фарзандини уйда олиб ўтирганлар кўп орамизда.

Маҳалламизда давлат ва хусусийларини қўшиб ҳисоблаганда, 5 та боғча бор, - дейди “Сочак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммад Норматов. – Болаларни боғчага қамраб олиш борасида муаммо йўқ. Шунга қарамай, айрим ота-оналар боласини уйда олиб ўтирибди. Улар билан суҳбатлашганимизда турли сабабларни кўрсатишади, пулим йўқ, дейдиганлари ҳам бор. Бир бола учун ойига 150 минг сўм тўлов нима дегани? Масаланинг иккинчи томони шундаки, фарзандини боғчага бермаган ота-онадан бири ишлай олмайди. Демак, у оиласига қўшимча даромад келтирмайди. Агар улар ҳам бирор ишнинг бошини тутганида, хусусий боғчага етадиган пулни топиши мумкин эди. Бу эса бола келажаги учун киритилган инвестиция дейилади. Боласини боғчага қўйиб, ўзи тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз қанча? Уларнинг уйи ҳам обод, болалари ҳам билимли бўлиб улғаймоқда.

Мутахассислар нима дейди?

Тойлоқ туманидаги 28-давлат мактабгача таълим ташкилоти психологи Тамара Йўлдошева:

– Бола 5-7 ёшигача атрофидан ўзига керакли барча ахборотни олиб бўлади. Шу боис бу даврда унга кўпроқ эътибор бериш керак. Яъни, боғчага борган бола дастурхон атрофида ўтириш, саломлашиш, кийиниш, овқатланиш одобидан ташқари, жамиятнинг юриш-туриш, муомала меъёрларини ҳам ўрганади. Боғча психологи болани бешта ривожланиш тури бўйича кузатади: унинг жисмоний, ижтимоий-ҳиссий (катталар ва тенгдошлари билан мулоқоти), нутқ ва тил (ўқиш ва ёзиш малакалари), ижодий ривожланиши доимий назоратда бўлади. Масалан, баъзи болаларда баджаҳллик кузатилади. Улар сал нарсага аччиқ қилиб, бошқа болаларга озор беради. Бундай ҳолатда боладаги асабийлик қаердан пайдо бўлганини ўрганамиз. Кўпинча бу оиладаги муҳит билан боғлиқ. Баджаҳллик эса боланинг ҳимоя қобиғи ҳисобланади. Бундай болалар билан алоҳида шуғулланамиз, турли машғулотлар ёрдамида уларни ўз қобиғидан чиқаришга ҳаракат қиламиз.

12-умумтаълим мактаби директори Холида Мавлонова:

– Жорий ўқув йилида 99 нафар болани биринчи синфга қабул қилдик. Уларнинг 66 нафари мактабгача таълим ташкилотига борган, мактабгача тайёрлов гуруҳларида ўқиган. Албатта, боғчада таълим-тарбия олган болалар зукколиги, таълим жараёнига тез киришиши, янги муҳитга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Боғчага бормаган болалар ҳақида бундай дея олмаймиз. Ҳатто таълимнинг биринчи ва иккинчи ҳафталарида улар дарсга ота-оналари билан қатнашига, синфда ҳам бирга ўтириб, янги муҳитга мослашишига тўғри келди. Уларнинг дарсларни ўзлаштириш жараёни ҳам қийинроқ кечяпти.

Юқорида кузатув ва ўрганишларимиз хулосалари, мутахассису ота-оналарнинг фикрларини баён қилдик. Мақсадимиз – қайсидир таълим муассасасини яхши, бошқасини ёмон дейиш эмас. Бундан ота-оналарнинг ўзи ҳам биздан кўра яхшироқ хабардор. Истагимиз, фарзандингиз учун нима яхши эканлигини билинг – уни уйда олиб ўтиришми ёки жамиятга қўшиш. Бола тарбиясида ҳар бир дақиқа ғанимат. Якуний хулосани ўзингиз берасиз, албатта.

Асқар Баротов.